Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Эль-Ниньо деб номланувчи табиий ҳодисанинг кучайиши натижасида юзага келадиган мисли кўрилмаган иссиқлик даври яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирди. У дунё давлатлари ҳукуматларини янги ҳарорат рекордларига тайёрланишга ва аҳолини ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирди, бу ҳақда БМТ сайтида сўз юритилган.
Бош котиб июнь ва июль ойларида Жаҳон океани юза қатлами ҳарорати бўйича рекорд кўрсаткичлар қайд этилганини таъкидлади. Бундай ўзгаришлар Испания, Франция ва бошқа қатор мамлакатларни қамраб олган аномал иссиқлик, шунингдек ўрмон ёнғинларига олиб келган.
Бироқ, Гутерришнинг сўзларига кўра, бу ҳали фақат бошланиши. Жаҳон метеорология ташкилоти томонидан эълон қилинган янги прогнозлар хавотирли манзарани кўрсатмоқда, чунки Эль-Ниньо ривожланишини белгилайдиган Тинч океани юза ҳарорати ўз чўққисига етган ва янада кўтарилишда давом этмоқда. Кутилишича, августдан октябрь ойигача деярли бутун қуруқлик ҳудудларида ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан юқори бўлади.
«Хулоса аниқ: иқлим инқирози жадал суръатлар билан кучайиб бормоқда», — деди БМТ Бош котиби.
У, шунингдек, экстремал иссиқликни бекорга «жим қотил» деб аташмаслигини таъкидлади. Чунки бу ҳодиса офат кўламини тўлиқ акс эттирмайди: юқори ҳарорат таъсири билан боғлиқ кўплаб ўлим ҳолатлари расмий статистикада ҳисобга олинмайди.
Гутерриш бир неча йил аввал Эль-Ниньо кучайиши ҳақида огоҳлантирганини эслатди. Шу вақт ичида кўплаб давлатлар об-ҳавони прогноз қилиш тизимларини такомиллаштирган, 250 дан ортиқ шаҳар «Иссиқликни енгамиз» ташаббусига қўшилган. Бироқ, БМТ раҳбари таъкидлашича, исиш суръатлари турли давлатлар ҳукуматлари томонидан кўрилаётган чоралардан ўзиб кетмоқда.
Шу муносабат билан Бош котиб тўртта асосий йўналишга эътибор қаратишга чақирди: ҳаракат режалари ва эрта огоҳлантириш тизимлари орқали аҳолини ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, шаҳарлар ва инфратузилмани кучли иссиқликка мослаштириш ҳамда иқлим инқирозининг асосий сабабларини бартараф этиш.
Бундан ташқари, сиёсатчи ҳукуматларни қазиб олинадиган ёқилғилардан фойдаланишни қисқартиришга чақирди. Гутерришнинг таъкидлашича, кўмир, нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича ҳар бир янги лойиҳа келажакдаги иссиқлик тўлқинларини янада хавфли қилади.
Экспертлар маълумотларига кўра, Эль-Ниньо кучайишда давом этади ва 2026 йил августдан октябрь ойигача бўлган даврда юқори интенсивликка эришади.
Прогнозларга кўра, денгиз юза қатламининг ўртача ҳарорати Цельсий бўйича 2,9 даражадан ошади. Бу эса айрим ҳудудларда қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ўрмон ёнғинларига олиб келиши мумкин.
Таъкидланишича, сайёранинг қуруқлик қисмида ҳаво ҳарорати ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлади. Бу тенденция айниқса Африкада, Европанинг жанубий қисмида, Арабистон ярим ороли ва Ҳинд субконтинентида, Шарқий Осиёда, Кариб ҳавзасида, Жанубий Американинг катта қисмида ҳамда Янги Зеландияда яққол намоён бўлади.
Метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, август–октябрь ойларида Марказий Осиё, Жанубий Европа, Шимолий Американинг ғарбий қисми ва Жанубий Американинг жануби-шарқий ҳудудларида одатдагидан намроқ шароитлар кутилмоқда.
ℹ️ Эль-Ниньо — бу табиий иқлим ҳодисаси бўлиб, унда Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмидаги сув юзаси ҳарорати одатдагидан юқори бўлади. Бу эса бутун дунёдаги об-ҳаво шароитларининг ўзгаришига таъсир қилади.



