Аҳолини гўшт билан таъминлаш масаласини ҳал этиш учун Ўзбекистон ҳукумати 895 миллион АҚШ доллари ажратади. Ушбу маблағнинг 463 миллион доллари чорвачиликни, яна 432 миллион доллари эса паррандачиликни ривожлантиришга йўналтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган тақдимотда таъкидланишича, мамлакатнинг гўштга бўлган йиллик эҳтиёжи 2,15 миллион тоннани ташкил этади. Бироқ, ички ишлаб чиқариш ҳажми атиги 1,6 миллион тоннага етади. Шу тариқа, истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги тафовут йилига 550 минг тоннани ташкил қилмоқда. Ҳукумат ушбу камомадни 2028 йилгача мўлжалланган кенг кўламли дастур орқали қоплашни режалаштирган.
Шунингдек, аҳоли хонадонларида 20 сотих майдонда енгил конструкцияли 11 мингта молхона қуриш ва уларда 421 минг бош қорамол парваришлаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 3 триллион сўм (250 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги 802 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланади. Ушбу лойиҳалар натижасида ҳар йили қўшимча равишда 20 минг тонна гўшт ва 120 минг тонна сут ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Жумладан, фаолияти тўхтаб қолган 103 та чорвачилик корхонасини соғломлаштириш режалаштирилган. Уларнинг қарзларини реструктуризация қилиш ёки ўн йилга бўлиб тўлаш, озуқа етиштириш учун ер майдонлари ажратиш ва наслли моллар билан таъминлаш таклиф этилди. Натижада 33 минг бош қорамол парваришланиб, йилига 12 минг тонна гўшт ва 40 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Алоҳида чора-тадбирлар чорвачиликка ихтисослашган 13 та туманга қаратилган. У ерларда 75 минг гектар ем-хашак ерларидан самаралироқ фойдаланиш, сут қабул қилиш пунктлари ва ем сотиш шохобчаларини ташкил этиш, шунингдек, кичик фермерлик лойиҳаларини молиялаштириш режалаштирилган.
Мўғулистондан 150 минг бош қўй, Хитой ва Европа давлатларидан 100 минг бош наслли қорамол, Беларусь Республикасидан 2 минг бош мол олиб келиш режалаштирилмоқда. Бу орқали йилига қўшимча 44 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Тақдимот давомида президентга Қорақалпоғистондаги 20 та чорвачилик мажмуаси мисолида сунъий интеллект ёрдамида ўтказилган таҳлил натижалари ҳам тақдим этилди. Уларнинг умумий қарздорлиги 109,6 миллиард сўмни (9 миллион доллардан ортиқ) ташкил этган, объектларнинг ярми юқори хавф тоифасига киритилган. Асосий муаммолар — ем-хашак ерлари ва инфратузилма етишмаслиги. Бунга жавобан қарз юкини камайтириш, озуқа базасини шакллантириш ва мажмуалар фаолиятини дастлаб пилот тартибда, кейинчалик босқичма-босқич йўлга қўйиш таклиф этилди.
Дастурда маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 2407 та маҳалла чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, уларда 3,9 миллион киши истиқомат қилади. Улар учун наслли чорва молларидан фойдаланиш имконияти, сигирларни сунъий уруғлантириш, субсидиялар ва яхшиланган зооветеринария хизматлари йўлга қўйилиши ваъда қилинмоқда.
Наслчилик соҳасида 13 та туманда ҳар бири 200 бош қорамолга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этиш, йилига 500 минг бош сигирни сараланган уруғ билан сунъий уруғлантириш ва эмбрион трансплантацияси технологияларини кенг жорий қилиш режалаштирилган.
Соҳада тизимли ишларни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон чорвадорлари ассоциациясини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу ташкилот фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кооперацияни ривожлантириш, наслчилик ишларини йўлга қўйиш ва ташқи бозорларга чиқиш масалалари билан шуғулланади.
Шунингдек, Smart Fermer рақамли платформаси ишга туширилиши маълум қилинди. Бу чорва молларини идентификация қилиш, ветеринар чақириш, субсидиялар олиш ва сунъий интеллект асосида маслаҳатлардан фойдаланиш имконини берувчи мобил илова бўлади.
Паррандачилик соҳасида ҳам лойиҳалар амалга оширилади. Мазкур лойиҳалар ҳисобига 2028 йилгача қўшимча 100 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш, озуқа-ем қувватини 3,3 миллион тоннага етказиш ва замонавий сўйиш тизими қамровини 20 фоиздан 50 фоизга ошириш мақсад режалаштирилган.



