Ўзбекистонликлар АҚШга мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига таклиф қилинади

Келишувни имзолаш маросими. Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги фуқароларни Америка Қўшма Штатларига мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига юбориш учун танлов бошланганини маълум қилди. Ватандошларни хорижда ишлашга тайёрлаш лойиҳаси АҚШдаги ҳамкорлар билан тузилган келишув асосида амалга оширилади, деб хабар беради Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Тегишли ҳужжат агентлик томонидан АҚШнинг «йирик рекрутинг компанияларидан бири» билан имзоланган, аммо унинг номи очиқланмаган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқаролари АҚШда H-2A дастури орқали ишлайди. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасида вақтинча ишлаш учун АҚШга кирадиган хорижликларга бериладиган ноиммиграцион визалар тоифаси ҳисобланади.

Рухсатнома муайян иш турлари учун расмийлаштирилади, масалан, ҳосил йиғиш, ўсимликларни парвариш қилиш, фермерлик ишлари ва бошқалар. Шунингдек, ушбу виза бўйича хориждан ишчи кучини сўраган аниқ тадбиркор ёки компания кўрсатилади, чунки бу турдаги виза билан мустақил равишда иш қидириш ёки иш берувчини алмаштириш тақиқланади.

Қабул қилувчи томон қоидаларга мувофиқ, ёлланган ходимга маҳаллий энг кам иш ҳақини тўлаши, бепул турар жой билан таъминлаши ва иш жойига бориш ҳамда қайтиш харажатларини қоплаши шарт.

H-2A визаси мигрантга кейинчалик АҚШда яшаш учун рухсатнома олиш мақсадида ҳужжат топшириш имконини бермайди.

Ўзбекистон Миграция агентлиги маълум қилишича, АҚШлик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида иш берувчилар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўқув дастурлари ишлаб чиқилади, инглиз тили ва касбий тайёргарлик курслари ташкил этилади, номзодларнинг кўникмаларини баҳолаш асосида сертификатлаш тизими ҳамда шаффоф танлов механизмлари жорий қилинади.

Якуний босқичда мигрантларга АҚШ меҳнат қонунчилиги асослари тушунтирилади. Агентлик мавсумий ишлар тугагач, ватандошларнинг юртга қайтишини таъминлайди.

Иш берувчиларнинг дастлабки талаблари ва АҚШга юбориш учун рўйхатдан ўтиш тартиби ҳақидаги батафсил маълумот кейинроқ Миграция агентлигининг Telegramдаги Xorijda ish каналида эълон қилинади, дея маълум қилди агентлик.