Wildberries компаниясига омборларининг бир қисмини Қирғизистонда жойлаштириш таклиф қилинди

Темир Сариев. Қирғизистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти Темир Сариев Wildberries компаниясига логистика қувватлари ва омборларининг бир қисмини республика ҳудудига кўчиришни таклиф қилди. Ушбу таклифни у Қирғизистон-Россия ишбилармонлик кенгашининг йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.

«Омбор инфратузилмасини Қирғизистонда жойлаштириш — бу нафақат иқтисодиёт, балки хатарларни диверсификация қилиш масаласи ҳамдир. Товарлар бир жойда сақланмаслиги керак», — дея таъкидлади Сариев.

Омборларни Қирғизистонга кўчириш Қирғизистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш йўлидаги қадам сифатида кўрилмоқда. Сариевнинг фикрича, ушбу кўрсаткичга эришиш йўлида учта асосий тўсиқ мавжуд:

▪️ Бюрократия ва қоидалар — маркировка ва ҳужжатлардаги тафовутлар бизнесни қайта текширувлардан ўтишга мажбур қилмоқда;

▪️ Чегаралардаги кечикишлар — мувофиқлаштирилмаган санитария назорати ва навбатлар товарларнинг бузилишига олиб келмоқда;

▪️ Маркетплейслар билан боғлиқ хатарлар — Россиядаги Wildberries омбор-хабларида юз берган фавқулодда ҳолатлар ва ёнғинлар қирғизистонлик ишлаб чиқарувчилар учун тўғридан-тўғри зарар келтирмоқда.

Жумладан, Қирғизистондаги тикувчилик корхоналарининг маҳсулотлари Россиянинг Электросталь ва Котовск шаҳарларидаги Wildberries омборларида сақланган бўлиб, ушбу омборларга 18 июлга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужум қилган. Шундан сўнг Қирғизистон Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги маркетплейс вакилларининг маҳаллий тикувчилик ва енгил саноат ассоциациялари, селлерлар ҳамда юк ташувчилар вакиллари билан учрашувини ташкил қилди. Учрашувда зарар кўрган товарлар учун компенсация тўлаш, логистика жараёнларини тиклаш ва сотувчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Жабрланганларнинг мурожаатлари билан тезкор ишлаш мақсадида компания соҳавий ассоциациялар билан биргаликда мувофиқлаштириш штаби тузган. Wildberries қисман компенсация тўловлари бошланганини маълум қилди. Компаниянинг таъкидлашича, тўлиқ компенсацияларни ҳисоблаш механизми ва кейинги ҳаракатлар тартиби зарар миқдорини баҳолаш ишлари якунланганидан сўнг белгиланади.

Ўз навбатида, Қирғизистон Давлат солиқ хизмати (ДСХ) тикувчилик соҳасидаги корхоналар учун ягона солиқ ставкасини (ҳозирда тушумнинг 0,25 фоизи) ва маркетплейслар орқали товар сотадиган тадбиркорлар учун солиқ ставкасини (2 фоиз) вақтинча нолга туширишни таклиф қилди.

ℹ️ Россиядаги Wildberries логистика объектларига ҳужумлар 18 июль куни бошланган. Дронлар ҳужуми Тамбов, Москва, Краснодар, Ленинград, Тверь, Самара, Владимир, Волгоград, Тула ва Свердловск вилоятлари, Ставрополь ўлкаси, Удмуртия, Қрим ва Санкт-Петербургдаги омборлар ҳамда саралаш марказларига зарар етказган. Қатор объектларда йирик ёнғинлар содир бўлган, айрим омборлар фаолияти вақтинча тўхтатилган. Дронлар ҳужуми оқибатида компаниянинг бир неча ходими ҳалок бўлган, камида 100 киши жароҳатланган. Зарар кўрган ёки бутунлай йўқ қилинган товарлар туфайли сотувчиларга етказилган зарар юзлаб миллиард рублга баҳоланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ