Қирғизистон компаниялари Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) билан нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувлар имзолади. Бу ҳақда 19 август куни Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатлар Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эрлист Акунбековнинг Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районига (ШУАР) ишчи ташрифи доирасида Урумчи шаҳрида ўтказилган музокаралар якунлари бўйича имзоланди. Делегация таркибига нефть маҳсулотлари бозорида фаолият юритаётган ўндан ортиқ қирғиз компаниялари раҳбарлари кирди.
CNPC бош директори Ло Ичжоу билан учрашувда CNPC таркибига кирувчи «Куньлунь Логистик» компанияси орқали етказиб бериш тартиб-таомилларига асосий эътибор қаратилди. Компаниянинг фаолияти нефть конлари билан боғлиқ юклар, хом нефть, табиий газ ва нефть маҳсулотларини халқаро ташиш ҳамда омбор логистикасини қамраб олади.
Томонлар ташиш жараёнларини соддалаштириш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Хусусан, Қирғизистон Энергетика вазирлиги умумий ишларни мувофиқлаштириши, Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги Божхона хизмати билан биргаликда нефть юкларининг чегарадан тезкор ўтказилишини таъминлаши, Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳайдовчилар учун визаларни расмийлаштириш жараёнини соддалаштириши таъкидланди.
Ло Ичжоу Қирғизистон билан ҳамкорликни ривожлантириш, юкларни божхонадан расмийлаштириш жараёнини такомиллаштириш ва Хитой — Қирғизистон ўртасида узлуксиз энергетика-логистика коридорини биргаликда ташкил этишга тайёрлигини таъкидлади.
Акунбеков Марказий Осиё нефть бозоридаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда қирғиз компаниялари ва CNPC ўртасида тўғридан-тўғри келишувлар тузиш муҳимлигини таъкидлади.
«Биз делегация таркибига Қирғизистонда нефть маҳсулотлари билан ишлайдиган компаниялар раҳбарларини киритдик, токи ҳар бир тадбиркор ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, шунингдек, масалалар ва имкониятлар билан жойида танишиш имкониятига эга бўлсин», — деб тушунтирди Акунбеков бир кун аввал Хитой Нефть-кимё корпорацияси (China Petroleum & Chemical Corporation — Sinopec) директори ўринбосари Тянь Хунбин билан учрашув чоғида.
Музокаралар давомида Тянь Хунбин Sinopec аввал эришилган келишувлар асосида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга, шунингдек, нефть соҳасида янги йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Давлат органлари ва компаниялар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Қирғизистонга ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш, жумладан, ташиш, божхона расмийлаштируви, товар айланмаси ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Акунбеков бошчилигидаги делегация, шунингдек, Хитой Коммунистик партияси Шинжон-Уйғур автоном райони қўмитаси котиби Чэнь Сяоцзян билан учрашди. Учрашув якунлари бўйича Хитойдан Қирғизистонга ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш жараёнини соддалаштириш ва тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.
ℹ️ CNPC ва Sinopec — Хитойнинг энг йирик давлат нефть-газ корпорацияларидир. Улар нефть ва табиий газни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш, шунингдек, нефть маҳсулотларини халқаро қувур тизимлари орқали ташиш билан шуғулланади.
Қирғизистон ҳар йили қарийб 2 миллион тонна ёқилғи-мойлаш материалларини истеъмол қилади. Ушбу ҳажмнинг қарийб 95 фоизи Россиядан импорт қилинади. Сўнгги ойларда Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари туфайли Россиядан нефть маҳсулотлари етказиб беришда қийинчиликлар юзага келди. Бунинг ортидан Қирғизистонда бензин ва дизель ёқилғиси нархлари ошди. Айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-95 маркали бензин ва дизель ёқилғиси танқислиги кузатилди.
2026 йил июль ойида президент Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамасига ёқилғи-мойлаш материалларининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш ва танқисликка йўл қўймасликни топширди. Харид ва ички нархлар ўртасидаги фарқни қоплаш мақсадида ҳукумат 25 майдан 30 сентябргача амал қиладиган ёқилғи импортини субсидиялаш механизмини жорий этди.
Июль ойининг ўрталарига келиб, нефть маҳсулотларининг дастлабки партиялари Хитой ва Беларусдан Қирғизистонга кела бошлади. Ҳокимият органлари, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан етказиб бериш масалалари бўйича музокаралар олиб бормоқда. Россия билан Қирғизистонга ойига 100 минг тонна бензин етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. CNPC ва Sinopec билан келишувларнинг тузилиши импорт манбаларини кенгайтириш ва республикада битта етказиб берувчига қарамликни камайтириш имконини бериши кутилмоқда.



