Тожикистонда Туризмни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. У, жумладан, маҳаллий ва хорижий сайёҳлардан ундириладиган йиғимлар ҳисобига тўлдириб борилади. Тегишли қарор мамлакат ҳукумати томонидан 1 июль куни қабул қилинган, деб хабар беради «Азия-Плюс».
Жамғарма бир нечта манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
▪️ Тожикистон фуқароларига хорижга сафарлар учун туристик пакетлар сотишдан тушган маблағнинг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалар;
▪️ хорижий сайёҳларнинг мамлакат ичидаги сафарлари давомида ҳар бир сутка учун туристик пакетлардан ундириладиган йиғим;
▪️ туристик хизматлар кўрсатиш учун рухсат берувчи ҳужжатни расмийлаштириш учун тўлов;
▪️ мазкур йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жарималар;
▪️ депозитлардан олинадиган даромадлар;
▪️ халқаро молиявий ташкилотларнинг грантлари ва мақсадли маблағлари.
Биринчи икки банд 2019 йилда жорий этилган «туристик солиқ» деб аталадиган йиғимни англатади. Ўша пайтда хорижий сайёҳлар ва туристик компаниялар орқали хорижга чиқувчи республика фуқаролари ҳар бир сутка учун 1 доллардан тўлаши кераклиги хабар қилинган эди. Бундай йиғимни тўлашдан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, Чернобиль АЭСидаги авария оқибатларини бартараф этишда қатнашганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, 16 ёшгача бўлган болалар, шунингдек, дипломатлар озод қилинган.
Туризмни ривожлантириш жамғармасига келиб тушган барча маблағлар аниқ ва мақсадли йўналтирилади. Улар фақат туристик инфратузилмани яратиш ва ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мамлакатнинг туристик имкониятларини тақдим этиш ва тарғиб қилиш, шунингдек, инновацияларни жорий этиш ҳамда тадқиқотлар ўтказишга сарфланади. Йил давомида ишлатилмаган маблағлар кейинги йилга ўтказилади.
Жамғарма маблағларини бошқариш 13 кишидан иборат Кенгаш зиммасига юклатилган бўлиб, унга Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси ва унинг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади. Кенгаш таркибига, шунингдек, вазир ўринбосарлари, тегишли идоралар раҳбарлари ва туризм соҳасидаги жамоат бирлашмаси вакили киритилган. Кенгаш тушумлар ва харажатларни тасдиқлайди, маблағларнинг мақсадли сарфланишини ҳамда аудиторлик ҳисоботларини кўриб чиқади ва назорат қилади.
Кенгаш котибияти вазифасини Туризмни ривожлантириш қўмитаси бажаради. Қўмита ҳар ярим йилда ҳукуматга ҳисобот беради, шаффофликни таъминлаш мақсадида эса ҳар йили ўз расмий сайтида Жамғарма фаолияти натижалари ҳақида тўлиқ маълумот эълон қилади.
2026 йил июль ойи охирида Тожикистон ҳукумати Туризмни ривожлантириш стратегиясини 2027–2030 йилларда амалга ошириш режасини тасдиқлади ва келгуси уч йилда соҳани ривожлантириш учун 270 млн сомонидан (29 млн доллар) ортиқ маблағ ажратди. Янги стратегия 37 та асосий тадбирни ўз ичига олади ва тоғли ҳудудларда жиҳозланган палаткали лагерлар ташкил этишдан тортиб, «Рақамли меҳмон» (E-mehmon) тизимини жорий этиш ва мамлакатни халқаро кўргазмаларда тақдим этишгача бўлган соҳанинг барча йўналишларини қамраб олади.



