Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Гафуржон Мирзаевни Бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси этиб тайинлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Аввалроқ Мирзаевнинг номзоди Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Гафуржон Мирзаев 1964 йил 21 апрель куни Фарғона вилоятида туғилган. 1990 йилда Тошкент политехника институтини, 2000 йилда эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Турли йилларда Бағдод тумани ҳокими ўринбосари, «Ўздонмаҳсулот» корхонаси бошқармаси бошлиғи, Фарғона дон ишлаб чиқарувчилари акциядорлик жамияти раиси лавозимларида ишлаган.
2003 йилдан Ўзбекистон президенти Администрациясида инспектор бўлиб ишлаган. 2016 йил 15 декабрдан Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган. 2020 йилда Олий Мажлис Сенати IV чақириқ сенатори этиб сайланган. 2023 йил августидан то шу кунга қадар президентнинг кадрлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси президентнинг 2023 йил 21 декабрдаги фармони билан ташкил этилган. Уюшманинг асосий вазифалари — маҳаллани жамоат бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, аҳолининг бошқарувда фаол иштирокини таъминлаш, маҳаллалар муаммоларини ҳал этишда давлат органлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, шунингдек, бюджет маблағларини эҳтиёжманд оилаларга манзилли йўналтиришдан иборат.
2024 йил январидан Уюшмага Қаҳрамон Қуронбоев раҳбарлик қилиб келган эди. Унинг истеъфога чиқиши сабаблари маълум қилинмаган.
Гафуржон Мирзаев Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги бешинчи Бош вазир ўринбосари бўлди. Айни пайтда ҳукумат раҳбари ўринбосарлари лавозимида Ачилбай Раматов, Жамшид Қўчқоров (шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазири), Жамшид Ходжаев ҳамда Дилнозахон Каттахонова (Оила ва хотин-қизлар ишлари қўмитаси раиси) фаолият юритмоқда.



