Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Афғонистоннинг хусусий авиакомпанияси «Kam Air» раҳбарияти қўшма халқаро компания ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Янги Ўзбекистон — Афғонистон лойиҳаси Фарғонада бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти тижорат фаолияти департаменти бошлиғи Тимур Халилов ҳамда «Kam Air» раҳбари Муҳаммад Сулаймон иштирок этди.
Томонлар Фарғонада базаси жойлашадиган қўшма авиакомпания ташкил этиш масаласи юзасидан фикр алмашдилар. Ташаббусни амалга ошириш имкониятлари, зарур инфратузилма ва корхонага хизмат кўрсатишни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар иштирокчилари лойиҳани амалий босқичга ўтказиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратдилар. Янги авиакомпания фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этишда ёрдам берадиган тегишли тузилмалар ва мутахассислар вакиллари жараёнга жалб қилиниши кутилмоқда. Учрашув якунида кейинги қадамлар ва авиация соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари келишиб олинди.
Мазкур учрашув доирасида Фарғона вилояти ва Афғонистон делегациялари Бозоровнинг жорий йил июль ойи охирида қўшни мамлакатга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Томонлар савдо-инвестициявий ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Қайд этиш жоиз, «Kam Air» Ўзбекистон билан ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Жумладан, аввалроқ хабар қилинганидек, авиакомпания 2026 йил июль ойидан Тошкент ва Кобул ўртасидаги рейслар сонини ҳафтасига учтага оширган.
ℹ️ «Kam Air» — Афғонистонда 2003 йилда тадбиркор Замари Камгар томонидан ташкил этилган биринчи хусусий авиакомпания ҳисобланади. Айни пайтда авиакомпания парки 13 та самолётдан иборат. Компания ички рейсларни амалга оширади, шунингдек, хорижга — БАА, Саудия Арабистони, Туркия, Ҳиндистон, Қатар, Қувайт ва Покистонга парвозларни амалга оширади. 2017 йилдан «Kam Air» Афғонистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйган.



