Сингапурнинг катта вазири Ли Сянь Лун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мамлакат тарихи, илми ва маданий меросига бағишланган экспозициялар билан танишди.
Марказда Сингапур делегациясига ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган қадимги цивилизациялар, исломдан олдинги давр, ислом маданияти ва илм-фанининг ривожланиши, шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид материаллар тақдим этилди.
Ли Сянь Лун эътиборини Қуръон залида намойиш этилаётган VII асрга оид Усмон Мусҳафи тортди. У Марказнинг асосий муқаддас ёдгорликларидан бири ҳисобланади.
Фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдирган Ли Сянь Лун Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини таъкидлаб, Марказнинг маданиятлараро мулоқотга ёндашувига алоҳида эътибор қаратди.
«Марказ амал қилаётган маданиятлараро мулоқотга ёндашув кўп миллатли ва кўп конфессияли, тинчлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида яшовчи Сингапур вакиллари учун айниқса яқин», — деб ёзган катта вазир. У Марказга ўзининг «муҳим ва эзгу фаолияти»да муваффақиятлар тилади.
Ли Сянь Лун 27–31 август кунлари Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди. Тошкентда у президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди ва Олий Мажлисда (парламентда) нутқ сўзлади, сўнг Самарқандга ташриф буюрди. Бу сингапурлик сиёсатчининг Марказий Осиёга биринчи ташрифи бўлди.
Ли Сянь Лун Сингапурнинг биринчи Бош вазири ва замонавий Сингапур асосчиларидан бири Ли Куан Юнинг ўғли. 2004–2024 йилларда у мамлакат ҳукуматини бошқарган, Бош вазир лавозимидан кетганидан сўнг эса катта вазир лавозимини эгаллаган.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



