Покистон қарийб минг нафар афғонистонлик тиббиёт талабасини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди

Покистон ҳукумати афғонистонлик фуқароларнинг мамлакатдаги тиббиёт ва стоматология олий таълим муассасаларида ўқишини тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берди ва талабалардан Афғонистонга қайтишни талаб қилди. Бу ҳақда Афғонистоннинг мустақил «Hasht-e Subh» нашри хабар берди.

Нашр томонидан эълон қилинган ҳужжатларга кўра, тиббиёт университетларига афғонистонлик фуқароларнинг таҳсил олишини тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган. Айрим ҳолатларда талабаларга зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва мамлакатдан чиқиб кетиш учун атиги 24 соат вақт берилган.

«Hasht-e Subh» таянаётган Покистон тиббиёт кенгашининг кўрсатмасида айтилишича, жорий ўқув йилида афғонистонлик фуқароларга тиббиёт ва стоматология муассасаларига янги қабул, ўқишни кўчириш ва таълимнинг бошқа шаклларида иштирок этиш тақиқланган. Илгари ўқишга қабул қилинган талабаларга ҳам Афғонистонга қайтиш буюрилган.

Нашр хабар беришича, ҳозирда Покистонда қарийб минг нафар афғонистонлик талаба, жумладан, мамлакат ҳукумати стипендиялари асосида таҳсил олмоқда. Уларнинг кўпчилиги юқори курсларда ўқийди ва яқин ойларда таълимни тамомлаб, диплом олиши керак эди.

Талабалар «Толибон» ҳаракати сиёсатига алоқаси йўқлигини ва Исломобод билан Афғонистоннинг амалдаги ҳокимияти ўртасидаги келишмовчиликлар қурбонига айланмасликлари кераклигини айтмоқда. Улар Покистон ҳукуматидан қарорни қайта кўриб чиқиш ва таълимни якунлашларига имкон беришни сўрашмоқда.

Қарор айниқса талаба қизлар учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Уларнинг айримлари Афғонистонда «Толибон» томонидан жорий этилган чекловлар туфайли ўқиш имкониятидан маҳрум бўлганидан сўнг, Покистонда тиббий таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлганди.

«Hasht-e Subh» ёзишича, мазкур кўрсатма Покистоннинг «миллий сиёсати» билан бевосита боғлиқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ