Мигрантлар бир ярим йил ичида Россия бюджетини 321 миллиард рублга тўлдирди

Андрей Кикоть. kremlin.ru сайти фотосурати

Бир ярим йил давомида Россиянинг миграция жараёнларидан олган даромадлари 321 миллиард рублни (тахминан $4 миллиард) ташкил этди ва 30 фоизга ошди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — ИИВнинг фуқаролик ва хорижий фуқароларни рўйхатга олиш масалалари бўйича хизмати раҳбари Андрей Кикоть Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради kremlin.ru.

«У ерда 60 миллиард рублдан кўпроғи федерал бюджетга, 250 ёки 260 миллиард рублдан ортиғи эса минтақавий бюджетларга тушган. Лекин, тушунишимча, бу асосан патентлар ҳисобига бўлганми?» — деб аниқлик киритди Путин Кикотдан. У эса буни тасдиқлади.

Учрашув давомида Андрей Кикоть бир ярим йил ичида мамлакатдаги миграция вазияти ҳақида ҳисобот берди. Унинг маълумотларига кўра, ҳар йили турли мақсадларда Россияга қарийб 9 миллион нафар хорижий фуқаро келади. Бир вақтнинг ўзида мамлакат ҳудудида 6–6,5 миллион нафарга яқин киши бўлади. Уларнинг қарийб 3 миллиони меҳнат мигрантлари, 1,7 миллиони оила аъзолари, 1 миллиони эса туристлар, талабалар ва шахсий ишлар билан келганлар каби бошқа тоифаларга тўғри келади.

Кикоть Россия қонунчилигини бузган хорижий фуқаролар тоифасини алоҳида таъкидлади. Уларнинг сони 800 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг барчаси назоратдаги шахслар реестрига киритилган ва уларга нисбатан қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазири ўринбосари қонуний меҳнат миграцияси улуши ошганини қайд этди. Агар илгари бу кўрсаткич умумий сонинг 45 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир 50 фоизга етган. У буни «яхши кўрсаткич» деб атади.

Кикоть ўтган йили қабул қилинган Давлат миграция сиёсати концепциясини амалга ошириш доирасида меҳнат қилмайдиган меҳнат мигрантлари оила аъзоларининг мамлакатда бўлишини чеклаш вазифаси қўйилганини эслатди. Бу йўналишда ҳокимият 1,7 миллион нафарлик кўрсаткичга нисбатан 20 фоизлик камайишга эришган. Кикотнинг таъкидлашича, бунга ҳукумат томонидан болаларни мактабларга қабул қилишда белгиланган мезонлар, хусусан, рус тилини билиш бўйича кириш имтиҳонини топшириш талаби ҳисобига эришилган.

Бундан ташқари, миграция хизмати ташаббуси билан федерал қонун қабул қилинган бўлиб, у 2027 йил 1 январдан кучга киради. Қонун Россия ҳудудида бўлган ҳар бир ишламайдиган оила аъзоси учун ишлаётган хорижий фуқаролардан солиқ ундиришни назарда тутади.

Миграция хизмати хорижий фуқароларни мақсадли ва уюшган тарзда ишга жалб қилиш тизими тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳозирда у ҳукуматда келишув босқичида. Амалдаги тизимдан асосий фарқи шундаки, ҳозир хорижий фуқаро Россияга мустақил равишда келиб, иш берувчи излайди. Уюшган тарзда жалб қилиш моделида эса иш берувчи миграция хизматига мурожаат қилади, хизмат оператор орқали зарур ишчи кучини топади, уларни Россияга олиб келади, қонунийлаштиришини таъминлайди ва иш берувчига топширади.

Қонунга кўра, йирик ва ўрта бизнес бундай ходимларни махсус турар жой ва иш жойигача транспорт билан таъминлаши, «уй — иш — уй» ёпиқ тизимини яратиши шарт бўлади. Меҳнат шартномаси муддати тугагач, мигрант худди шу тартибда ватанига қайтарилади.

Путин мазкур лойиҳани шарҳлар экан, бундай тизим «меҳнат мигрантининг қонуний ҳуқуқларини ҳам таъминлайди» ва «маҳаллий фуқароларнинг манфаатларини таъминлайди, бу биз учун биринчи даражали аҳамиятга эга», деб таъкидлади. Президент меҳнат мигрантлари келадиган мамлакатлар Россияда ишлаш ва яшашга тайёргарлик кўришда, жумладан, рус тилини ўрганишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини қўшимча қилди. У Кикотдан бу масалани ҳукуматда кўтаришни сўради.