Электрон шаклда хизмат кўрсатадиган ёки электрон савдо платформалари орқали товарлар сотадиган хорижий компаниялар Ўзбекистонда солиқ тўлаши шарт. Тегишли қонун республика президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 10 сентябрь куни имзоланди ва икки кун ўтиб ҳужжат эълон қилинди.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар электрон шаклда хизмат кўрсатадиган ёки онлайн савдо платформалари орқали товарларни реализация қиладиган хорижий юридик шахсларга тааллуқли. Агар товар ёки хизматни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилса, бундай компаниялар жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар ва сотиладиган товарлар бўйича солиқ тўловчиларга айланади.
Хорижий компаниялар фаолиятини бошлаган ёки тугатган пайтдан эътиборан 30 календарь кунидан кечиктирмай солиқ органида ҳисобга туриши шарт. Ариза электрон шаклда берилади. Бундай шахслар солиқ ҳисоботларини белгиланган форматда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этади.
Электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга товарларни реализация қилишда солиқ базаси солиқ суммасини ҳам ҳисобга олган ҳолда товарлар қиймати сифатида белгиланади. У товарларнинг амалдаги сотув нархларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
Қонун, шунингдек, солиқ агентлари институтини жорий этади. Агар хорижий компаниялар жисмоний шахсларга электрон хизматлар кўрсатса ёки платформалар орқали товарлар сотса, ҳисоб-китобларда бевосита иштирок этувчи воситачилар солиқ агентлари деб эътироф этилади. Улар топшириқ, воситачилик ёки агентлик шартномалари асосида фаолият юритувчи хорижий ёки маҳаллий юридик шахслар бўлиши мумкин.
Занжирда бир нечта воситачи иштирок этган тақдирда, харидорлар ва хорижий сотувчи билан бевосита мулоқот қиладиган воситачи солиқ агенти ҳисобланади. Агар хорижий компаниялар Ўзбекистоннинг электрон савдо платформалари орқали ишласа, ушбу веб-ресурсларнинг операторлари солиқ агентларига айланади. Хизматлар Ўзбекистон юридик шахсларига ёки республикада доимий муассасалар орқали фаолият юритувчи норезидентларга кўрсатилган ҳолларда эса солиқ агентлари сифатида харидорларнинг ўзи эътироф этилади.
«Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунда янги тушунчалар пайдо бўлди. Буюртмалар агрегатори ва унинг оператори, рақамли маҳсулотлар, рақамли стриминг хизмати ва унинг оператори, электрон савдо платформаси ва унинг оператори тушунчалари жорий этилмоқда. Трансчегаравий электрон тижорат деб иштирокчилари турли мамлакатларда жойлашган, томонлардан бири Ўзбекистонда бўлган электрон тижорат тан олинади. Бундай операцияларни амалга ошириш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Электрон тижорат операторлари уч тоифага бўлинади: электрон савдо платформалари операторлари, буюртмалар агрегаторлари операторлари ва рақамли стриминг хизматлари операторлари. Ҳар бир тоифа учун ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланган. Жумладан, платформа оператори товарлар ва хизматларни ўзи ҳам сотиш ҳуқуқига эга, бироқ сотувчиларнинг лицензияларини текшириши, шахсий маълумотларнинг махфийлиги ва тўловлар хавфсизлигини таъминлаши, шунингдек, фойдаланиш қоидалари ва оферта шартларини эълон қилиши шарт. Иш фаолиятини тўхтатиш ёки қоидаларни ўзгартириш ҳақида у камида 30 кун олдин огоҳлантириши лозим.
Агар харидорга сифатсиз товар етказиб берилса, асосий жавобгарлик сотувчи зиммасида бўлади. Бироқ сотувчи харидорнинг қонуний талабларини қаноатлантира олмаса, субсидиар жавобгарлик электрон тижорат оператори зиммасига юклатилади. «Эскроу» хизмати кўрсатилган тақдирда, сотувчи пулни қайтаришдан бош тортса, оператор харидорга маблағни мустақил равишда қайтариш ҳуқуқига эга.
Электрон тижоратдаги ҳисоб-китоблар энди фақат алоҳида банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилиши керак. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар электрон ҳамёнлардан фойдаланиши мумкин. Рақамли дистрибуция усулида тарқатиладиган рақамли маҳсулотлар учун божхона расмийлаштируви қўлланилмайди. Хорижий платформалар орқали экспорт қилинганда, валюта тушуми платформа хизматлари қиймати чегирилган ҳолда экспортчининг ҳисобварағига келиб тушади.
Қонун Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 10 февралда қабул қилинган ва 18 май куни Сенат томонидан маъқулланган. У расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 12 декабрдан кучга киради.



