Афғонистон ва Покистон ўртасидаги қуролли қарама-қаршилик Покистонда содир этилган бир қатор ҳужумлар ва Афғонистон ҳудудига берилган жавоб зарбалари ортидан кескин авж олди. 2026 йил сентябрь ойининг ўрталаридан бошланган беш-олти кун ичида томонлар ўзаро айбловлар ва чегараолди тўқнашувларидан ҳаво зарбалари, узоқ давом этган жанглар ҳамда дронлар ҳужумлари ҳақидаги баёнотларга ўтди.
18 сентябрь куни Афғонистон чегараси яқинида, Хайбер-Пахтунхва вилоятида жойлашган Покистоннинг Кохат шаҳрида полиция мажмуаси ҳудудида теракт содир бўлди. Жума намози вақтида масжидга кириш қисми яқинида мина ўрнатилган автомобиль портлади. Шундан сўнг қуролланган ҳужумчилар мажмуа ҳудудига киришга уринган. Reuters маълумотларига кўра, камида 16 киши ҳалок бўлган, яна 57 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида полиция ходимлари ҳам бор. Покистон манбаларига кўра, ҳужум учун Хафиз Гул Баҳодур билан боғлиқ Ittehadul Mujahideen гуруҳи масъулиятни ўз зиммасига олган. Айни пайтда «Покистон Толибон ҳаракати» (TTҲ) терактқа алоқадорлигини инкор қилган.
20 сентябрь куни Афғонистон чегараси яқинидаги Хангу туманида Покистон кучлари ва қуролланган гуруҳлар ўртасида жанг бўлиб ўтган. Покистон ҳарбийлари олти нафар ҳарбий хизматчи ва саккиз нафар жангарининг ҳалок бўлганини маълум қилди. Эртаси куни Исломобод қуролланган гуруҳлар объектларига қарши қуруқликдаги операция ва ҳаво зарбалари ўтказилганини маълум қилди.
20 сентябрдан 21 сентябрга ўтар кечаси Покистон Афғонистоннинг чегараолди ҳудудидаги учта объектга зарба берди. Покистон Ахборот вазирлиги камида 28 нафар жангарининг, жумладан, террорчи-камикадзеларнинг йўқ қилинганини маълум қилди. Reuters агентлиги ушбу маълумотларни мустақил тасдиқлаш имкони бўлмаганини таъкидлади.
Афғонистон расмийлари зарбалар Кунар ва Пактика вилоятларига берилгани ва оқибатда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилди. Кунарда турар жой вайрон бўлган. UNAMA уч нафар фуқаро — эркак, аёл ва қиз бола — ҳалок бўлганини, яна тўрт киши жароҳатланганини тасдиқлаган.
21 сентябрь куни толибларнинг Ташқи ишлар вазирлиги Покистоннинг ишлар бўйича вақтинчалик вакилини чақириб, унга норозилик нотасини топширган. Кобул ҳаво зарбаларини Афғонистон суверенитетининг бузилиши деб атади ва Афғонистон ҳудудидан Покистонга ҳужумлар уюштириш учун фойдаланилаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Толибон вакили Забеҳулла Мужоҳид Афғонистон «тегишли жавоб» беришини таъкидлаган.
22 сентябрь куни кескинлик бевосита чегара ҳудудига кўчган. Покистон хавфсизлик кучлари қуролланган шахсларнинг Афғонистондан Нангарҳор ва Пактия орқали Куррам туманига киришга уринишининг олди олинганини маълум қилган. Покистон томони талқинига кўра, шундан сўнг Толибон бўлинмалари чегара постларига ўт очган, Покистон ҳарбийлари эса жавоб зарбалари берган. Бу маълумотлар Покистон хавфсизлик манбаларига тааллуқли бўлиб, мустақил тасдиқланмаган.
22 сентябрь куни кечқурун янги тўқнашувлар Афғонистоннинг Пактия вилоятида, Зази-Ариуб ҳудудида содир бўлган. Amu TV ва Hasht-e Subh ҳавола қилган маҳаллий манбаларга кўра, жанг тахминан беш соат давом этган. Ўқотар қуроллар ва миномётлар қўлланилгани, турар жойлар зарар кўргани ва бир нечта оиланинг ўз уйларини тарк этгани ҳақида хабар берилди. Қурбонлар ҳақидаги маълумотлар мустақил равишда тасдиқланмаган.
23 сентябрь куни Покистон кескинликнинг янги босқичи ҳақида маълум қилди: унинг ҳаво мудофаа кучлари гўёки Афғонистон томонидан мамлакат ҳаво ҳудудига кирган саккизта учувчисиз учиш аппаратини уриб туширган. Покистон хавфсизлик манбалари маълумотларига кўра, тўртта дрон Торҳам яқинида, яна тўрттаси Кохат атрофида уриб туширилган. Дронлар айнан Афғонистон расмийлари томонидан учирилгани ҳақида мустақил тасдиқ мавжуд эмас.
Айни пайтда қуруқликдаги тўқнашувлар ҳам давом этган. Amu TV маълумотларига кўра, 22 сентябрь куни кечқурун Зази-Ариуб ҳудудидаги жанг тахминан беш соат давом этган, бир нечта турар жой бинолари зарар кўрган. Маҳаллий аҳоли айрим оилалар уйларини тарк этганини маълум қилган. Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, бу ҳудудда шунга ўхшаш тўқнашувлар тахминан олти ойдан бери ҳафтасига бир неча марта содир бўлмоқда. Бу маълумотлар ҳам тўлиқ мустақил тасдиққа эга эмас.
Нега Афғонистон ва Покистон доимо зиддиятга бормоқда?
Можаро марказида Покистонда исломий бошқарув ўрнатилишини талаб қилаётган ва Покистон давлатига қарши қуролли кураш олиб бораётган «Покистон Толибон ҳаракати» (TTҲ) туради. Исломобод Афғонистон Толибонини TTҲ раҳбарлари ва жангариларига бошпана беришда айблайди. Кобул эса буни рад этиб, Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатга ҳужумлар уюштириш учун фойдаланишга йўл қўймаслигини таъкидлайди.
TTҲ ва Афғонистон Толибони турли ташкилотлар ҳисобланади, гарчи улар ўртасида тарихий ва мафкуравий алоқалар, шунингдек, аъзоларининг бир қисми ўртасида қариндошлик муносабатлари мавжуд бўлсаям. 2021 йилда Толибон Афғонистонда ҳокимиятга қайтганидан сўнг Кобул ва Исломобод ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада ёмонлашди. Кескинликнинг яна бир манбаи икки давлат ўртасидаги баҳсли чегара — Дюранд чизиғи бўлиб, Афғонистон тарихан уни якуний давлат чегараси сифатида тан олмайди.
Ҳозирги кескинлашув одатий чегараолди инцидентларидан кўлами ва хусусияти билан фарқ қилади: бир неча кун ичида Афғонистон ҳудудига ҳаво зарбалари берилди, узоқ давом этган қуруқликдаги тўқнашувлар содир бўлди ва дронлардан фойдаланилгани ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. UNAMA маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан бери трансчегаравий қуролли зўравонлик Афғонистонда 1100 нафардан ортиқ тинч аҳоли қурбон бўлишига олиб келган. БМТ томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларига риоя қилишга ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақиради.



