Ўзбекистон ва Польша темир йўл компаниялари ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжат мамлакатлар ўртасида юк ташишни кенгайтириш ҳамда мунтазам контейнер поездлари қатновини ташкил этишни назарда тутади. Келишувга 9 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган музокараларда эришилди, деб «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизматига таянган ҳолда UzDaily хабар беради.
Учрашувда Ўзбекистон темир йўл компанияси бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев ва Алан Беруд бошчилигидаги «Польша давлат темир йўллари» делегацияси иштирок этди. Томонлар юк ташиш ҳажмини ошириш, қўшимча юк оқимларини жалб қилиш ва мунтазам контейнер поездларини йўлга қўйиш учун шарт-шароитлар яратиш масалаларини муҳокама қилди. Янги транспорт йўналишларини юк жўнатувчилар учун янада жозибадор қилиш имконини берувчи рақобатбардош тарифларни белгилашга алоҳида эътибор қаратилди.
Марказий Осиё орқали Хитой ва Европа ўртасида транзит ташувларини ривожлантириш музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Хусусан, қурилаётган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлидан фойдаланиш истиқболлари кўриб чиқилди. Ушбу йўл Шарқий Осиёдан Европа мамлакатларига юкларни етказиб беришда қўшимча йўналишни таъминлаши лозим. Учрашув қатнашчилари лойиҳанинг амалга оширилиши етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва минтақанинг транзит салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади, деб ҳисобламоқда.
Имзоланган меморандум нафақат темир йўл, балки бир нечта транспорт туридан фойдаланган ҳолда мультимодал ташувларни ҳам ривожлантиришни кўзда тутади. Шу билан бирга, контейнер поездларининг аниқ йўналишлари, уларни йўлга қўйиш муддатлари, режалаштирилаётган юк ҳажми ва тарифлар ҳозирча эълон қилинмаган.
ℹ️ Ўзбекистон темир йўл йўналишлари, юк терминаллари тармоғи ҳамда Европа ташувчилари билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасида транспорт-логистика маркази сифатидаги ўз мавқейини мустаҳкамлашга интилмоқда. 2026 йил март ойида Тошкент Латвия билан транспорт коридорларини, жумладан, Болтиқбўйи портларидан фойдаланган ҳолда кенгайтиришга келишиб олган, июлда эса томонлар халқаро автомобиль ташувларига доир рухсатномалар сонини оширишни маъқуллаган эди. Сентябрь ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Осиё ҳамда Европа ўртасида Россияни четлаб ўтиб юкларни етказиб берувчи қўшимча йўналишларни таъминлаши керак бўлган Транскаспий транспорт коридорини ривожлантиришга йўналтириладиган сармояларни муҳокама қилди.
Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисидаги битим 2024 йил июнь ойида имзоланган, ўша йилнинг декабрида эса лойиҳа бўйича ишлар расман бошланган эди. Қирғизистон участкасининг қурилиш қиймати тахминан 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Янги магистраль Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой ва Ўзбекистон темир йўл тармоқларини бирлаштириб, Шарқий Осиё ҳамда Европа ўртасидаги транспорт йўналишларининг бир қисмига айланиши керак.



