Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ бош қўмондони, 1-даражали капитан Канат Ниёзбеков Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани иши доирасида ушланган. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги «Курсив»га маълум қилди.
Ниёзбековга хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлиш айби қўйилмоқда. Суд қарорига кўра, у ҳибсга олинган. Терговга қадар текширув давом этмоқда.
3 октябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ниёзбековни Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони лавозимидан озод қилди. У ушбу лавозимни 2025 йил августидан бери эгаллаб келаётган эди.
Аввалроқ ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани бўйича иш доирасида беш киши ҳибсга олингани хабар қилинган эди.
Каспий денгизининг Қозоғистон секторида 22 сентябрь куни «Каспий мудофааси — 2026» («Хазар қорғаны-2026») ҳарбий машғулотлари бошланган. Унда 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этган. 24 сентябрь куни об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши оқибатида улардан 17 нафари денгизга оқиб кетган, уч нафари эса қутулиб қолган.
Фавқулодда ҳодисадан сўнг президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон Мудофаа вазири лавозимидаги шахсни алмаштирди. Янги вазир этиб, бунга қадар Махсус операциялар кучлари қўмондони лавозимида ишлаган Айдос Мирзахметов тайинланди. Президент, шунингдек, мудофаа идораси фаолиятини комплекс текширишни топширди. Текширувнинг биринчи босқичи якунлари бўйича 13 та жиноий иш қўзғатилган. Улар давлат мулкини эҳтимолий ўзлаштириш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа қонунбузарликлар билан боғлиқ.



