БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Россияга экстрадиция қилиниши хавфи остида бўлган фаол Мансур Мовлаев иши бўйича қабул қилинган шошилинч вақтинчалик чоралар ҳануз амал қилаётганини Қозоғистон ҳукуматига эслатди, деб хабар беради KazTAG.
«Бош прокуратуранинг позицияси БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг амалдаги вақтинчалик чораларига қарамай, Мансурни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарор ижро этилиши мумкинлигига оид реал хавфни юзага келтирди. Қўмита энди Қозоғистонга ушбу чоралар ҳануз кучда эканини бевосита эслатди ва уларни бажармасликнинг халқаро ҳуқуқий оқибатларига алоҳида ишора қилди. Биз Қозоғистон ҳукумати халқаро мажбуриятларга риоя қилиши ва Қўмита унинг шикоятини кўриб чиқишни якунламагунига қадар Мансурни Россия Федерациясига топширишига йўл қўймаслигини кутмоқдамиз», — деди Мовлаевнинг халқаро жараёнлардаги манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Вадим Дроздов агентликка.
Дроздовнинг сўзларига кўра, 2 октябрь куни у БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига шошилинч мурожаат йўллаб, унда Қозоғистон Бош прокуратурасининг позициясини маълум қилган ва Мовлаевнинг Россияга экстрадиция қилиниши борасида бевосита хавф мавжудлигини кўрсатган.
Мурожаатга 1 октябрь куни Қозоғистон Бош прокуратураси берган жавоб сабаб бўлган. Ўшанда маҳкама Мовлаевга қочқин мақомини бериш масаласи бўйича иш юритиш якунланганини ва уни Россияга топширишга тўсқинлик қиладиган ҳуқуқий асосларни кўрмаётганини маълум қилганди.
5 октябрь куни БМТ қўмитаси Дроздовга мактуб йўллаб, аввал қабул қилинган вақтинчалик чоралар ҳануз кучда эканини тасдиқлаган (мактуб KazTAG таҳририяти ихтиёрида мавжуд).
Қўмита, шунингдек, ушбу чораларни бажармаслик Қозоғистоннинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг Факультатив протоколи бўйича ўз мажбуриятларини бузган, деб тан олинишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилган.
Аввалроқ, БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳолати масаласи бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова этник чечен, Россия фуқароси Мансур Мовлаев Россияга қайтарилган тақдирда қийноқ, шафқатсиз муомала ва судсиз қатлнинг реал ҳамда муқаррар хавфига дуч келишини айтган эди.
👉 Мансур Мовлаев Рамзан Қодиров режимига қарши чиққан мухолифатдаги «Адат» ҳаракати иштирокчиси. 2020 йили фаол Россияда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси иши доирасида судланган. Чечен фаоллари мазкур иш сохталаштирилганини таъкидлашади.
2022 йилда муддатидан олдин шартли озод қилинганидан сўнг Мовлаевнинг айтишича, уни чечен полиция ходимлари ўғирлаб кетган ва махфий қамоқхонада сақлаган. Кейинчалик у Қирғизистонга, у ердан эса Қозоғистонга қочиб ўтишга муваффақ бўлган. Бу орада Россияда у экстремизм бўйича иш доирасида федерал қидирувга берилган.
2025 йил май ойида фаол Москва сўровига асосан Олмаотада қўлга олиниб, экстрадиция мақсадида қамоққа олинган. Мовлаев Қозоғистонда қочқин мақомини олишга ҳаракат қилган, бироқ рад жавобини олган. 23 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси унинг шикоятини рўйхатга олган ва Қозоғистонни мурожаат кўриб чиқилгунига қадар фаолни Россияга экстрадиция қилишдан тийилишга чақирган.
Қамоқда бўлган пайтида Мовлаев икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган. Унинг ўлим олдидан қолдирган мактубида фаол ўз қарорини Россияга эҳтимолий экстрадиция қилиниши билан боғлаган.



