Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари савдо ва энергетика соҳаларида янги лойиҳаларни таклиф қилдилар

president.tj сайти фотосурати

8 октябрь куни Туркманистондаги «Аваза» миллий туристик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви иштирокчилари савдо, энергетика, транспорт ва саноат соҳаларида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифларни илгари сурдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммитда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Раҳбарлар долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматларга минтақалараро савдо ҳажмини қарийб 13 миллиард доллардан 20 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни топширишни таклиф қилди. Шунингдек, у Марказий Осиёнинг сувдан фойдаланиш бўйича Рамкавий конвенциясини қабул қилиш ва БМТ ҳомийлигида Халқаро сув ташкилотини тузиш, Марказий Осиё ҳамкорлигининг сунъий интеллект (СИ) бўйича дастурини тайёрлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон томонидан СИдан масъулиятли фойдаланиш тўғрисида декларация ишлаб чиқиш тарафдори эканини билдирди.

Қозоғистон президенти маслаҳат учрашувлари формати такомиллаштирилишига ҳам алоҳида тўхталди.

«2018 йилдан буён 200 дан ортиқ ташаббус илгари сурилди, бироқ бу ташаббусларнинг фақат оз қисми амалиётга татбиқ этилди», — деди Тўқаев. У ташқи сиёсат идораларига минтақавий ташаббусларни инвентаризация қилиш ва уларнинг долзарблиги ҳамда истиқболини белгилашни таклиф қилди.

Садир Жапаров саноат кооперациясига алоҳида эътибор қаратиб, мамлакатлар ҳукуматларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва логистика соҳаларида аниқ ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни белгилашни таклиф қилди. Бунда лойиҳа иштирокчилари, молиялаштириш манбалари ва амалга ошириш муддатлари кўрсатилиши керак. У электрон савдога ҳам алоҳида тўхталиб, бизнес ва истеъмолчиларнинг минтақавий маҳсулотларга кириш имкониятини кенгайтириш учун Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг ягона электрон савдо майдончасини яратишни таклиф қилди.

Жапаров, шунингдек, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлини қуришга алоҳида урғу берди. Ушбу лойиҳа минтақа мамлакатларини халқаро транспорт ва ишлаб чиқариш алоқаларига янада кенг жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Бундан ташқари, у музликлар ва тоғ экотизимларини асраш муҳимлигини таъкидлаб, минтақа давлатларининг бир-бирини тўлдирувчи сайёҳлик салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда «бир саёҳат — бир нечта мамлакат» тамойили асосида туризмни ривожлантиришни таклиф қилди.

Эмомали Раҳмон минтақа мамлакатларининг янада яқин иқтисодий, транспорт ва энергетика ҳамкорлигига ўтиш учун катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади. У қўшма молиялаштириш механизмлари билан устувор энергетика лойиҳалари рўйхатини шакллантиришни, бутун минтақа эҳтиёжлари учун йирик нефтни қайта ишлаш заводини қуриш масаласини кўриб чиқишни ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича минтақавий стратегия ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бундан ташқари, Раҳмон мультимодал йўналишларни ривожлантириш, транспорт тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ташувларни рақамлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида қўшма ишларни янада яқинроқ мувофиқлаштиришга чақирди. У тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқалари мавжуд бўлган минтақалар билан ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш ғоясини илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни биргаликда ривожлантириш учун пайдо бўлаётган имкониятлардан фойдаланиш зарур.

Мирзиёев иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш кераклигини таъкидлади.

«Биз бир-биримиз билан оддий савдо қилишнинг ўзи етарли бўлмай қолган босқичга етиб келдик. Якуний маҳсулотни биргаликда яратишимиз керак. “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи биз интилишимиз лозим бўлган мақсад моҳиятини яхши ифодалайди», — деди президент.

Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар қаторида миллий дата-марказлар тармоғи негизида Умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш ва талаб юқори бўлган касбларнинг Минтақавий атласини ишлаб чиқиш ҳам бор.

Ўзбекистон раҳбари XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш жараёни якунланганининг тарихий аҳамиятини таъкидлади ҳамда минтақага ҳаддан ташқари мураккаб тузилмаларсиз, «мослашувчан ва тушунарли формат» кераклигини таъкидлади.

Илҳом Алиев Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ташкил этилган қўшма инвестиция фондлари имкониятларидан янада фаол фойдаланишга чақирди. Ушбу фондларнинг ҳар биридаги капитал юзлаб миллион доллар билан ўлчанади. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Озарбайжоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 50 фоиздан зиёдга ошган, мамлакатда эса Марказий Осиё капитали иштирокидаги 400 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда.

«Фақат ўзаро савдони ошириш билан чекланиб қолмаслик керак, биргаликда инвестиция киритиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга чиқиш муҳим», — деди Алиев.

У транспорт ва энергетика соҳаларидаги боғлиқлик масаласига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, ўтган йили Ўрта йўлак орқали транзит ташувлар ҳажми 10 фоиздан кўпроққа ошган, жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида эса яна қарийб 20 фоизга ўсган. Алиевнинг сўзларига кўра, Озарбайжон Туркманистон ва Қозоғистон нефтини транзит орқали ташимоқда, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан «яшил энергетика коридори»ни яратиш бўйича қўшма иш олиб бормоқда. У, алоҳида таъкидлаб, минтақа мамлакатларида тинчлик, хавфсизлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик барча ютуқларнинг асоси ҳамда келгуси тараққиёт кафолати эканини қайд этди.

Учрашув якунларини сарҳисоб қиларкан, Сердар Бердимуҳамедов Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари формати иқтисодий ва технологик ривожланишни жадаллаштириш учун зарур шароитларни яратаётганини маълум қилди.

«Давлат раҳбарлари томонидан билдирилган таклиф, ғоя ва ташаббуслар жуда аниқ хусусиятга эга бўлиб, истиқболларимизни реал баҳолашга асосланган ва улкан умумий салоҳиятимизни максимал даражада ишга солишга қаратилган», — деди Бердимуҳамедов.

Саммит якунлари бўйича давлат раҳбарлари Қўшма баёнот қабул қилди ҳамда кўп томонлама тартибга солувчи бир қатор ҳужжатлар бўйича қарорларни имзолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ