Бельгия қироллик жуфти Марказий Осиёга илк ташрифини амалга оширмоқда: сафар Қозоғистондан бошланди

Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Бельгия қироли Филипп ва қиролича Матильда 12 октябрь куни давлат ташрифи билан Остонага келди. Улар Оқўрда қароргоҳида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан кутиб олинди. Ташриф 14 октябрга қадар давом этади ва Бельгия монархларининг Марказий Осиёга илк давлат ташрифи ҳисобланади.

Kazinform маълумотларига кўра, қироллик жуфтининг ташрифи муносабати билан фахрий қоровул саф тортди, президент оркестри эса икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди. Монархлар самолёти Қозоғистон ҳаво ҳудудига кирганида мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари унга ҳамроҳлик қилди.

Бельгия делегацияси таркибидан ҳукумат, ишбилармон доиралар, университетлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўрин олган. Ташриф дастуридан олий даражадаги музокаралар, «Қозоғистон — Бельгия» ишбилармонлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши, икки мамлакат университетлари ректорлари форуми, шунингдек, Остона ва Олмаотадаги тадбирлар ўрин олган. Ташриф якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилиниши ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири савдо ва инвестициялар бўлади. Бельгия ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2016 йилдаги 220 миллион евродан 2025 йилда 765 миллион еврогача ошган. Айни пайтда Қозоғистонда кимё, биофармацевтика ва энергетика соҳаларида фаолият юритувчи компанияларни ҳам ўз ичига олган 100 дан ортиқ Бельгия компанияси ишламоқда.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида транспорт ва логистика, муҳим минерал ресурслар, қайта тикланувчи энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва сунъий интеллект ҳам қайд этилмоқда. Қозоғистон учун Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан бири бўлган Бельгия билан алоқаларни ривожлантириш Европа инвестицияларини жалб қилиш ва ташқи иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Остона Европа демократик давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлаш, уларнинг сармояси ва технологияларини жалб қилиш, савдо ҳажмини кенгайтириш ҳамда ташқи сиёсатда мустақиллигини намойиш этишга изчил интилиб келмоқда. Бироқ, кўп векторли ташқи сиёсат ҳақидаги дипломатик баёнотлар ортида жиддий зиддият кўзга ташланади: Европа давлатлари билан ҳамкорлик Қозоғистоннинг Россия куч ишлатар тузилмалари манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши мумкин бўлган қарорлар қабул қилишига тўсқинлик қилмаяпти.

Бу зиддият, айниқса, Россия фуқаролари Мансур Мовлаев ва Юлия Емельянова билан боғлиқ ишлар мисолида яққол намоён бўлмоқда. Қозоғистон уларга бошпана беришни рад этганидан сўнг, ҳар икки шахс Россия ҳукуматига топширилиш хавфи остида қолган.

Чеченистонда туғилган Мовлаев 2025 йил май ойидан буён Олмаотада ҳибсда сақланмоқда. Россия томони уни товламачиликда айблаб, экстрадиция қилишни талаб қилмоқда, бироқ Мовлаев бу айбловни рад этмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, у аввалроқ чечен куч ишлатар тузилмалари томонидан ўғирлаб кетиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қийноқларга солиш ҳолатларига дучор бўлган. 2026 йил февраль ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси индивидуал шикоят кўриб чиқилгунига қадар уни Россияга топширмасликни талаб қилди. Шунга қарамай, 10 сентябрь куни Қозоғистон кассация суди унга бошпана беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди. Бу эса уни экстрадиция қилиш эҳтимолини оширади.

Юлия Емельянова ҳам Қозоғистон ҳукумати унга бошпана беришни рад этганидан сўнг Россияга топширилиш хавфига дуч келди. У икки бошқа мамлакат ўртасидаги транзит парвоз вақтида Олмаота аэропортида ҳибсга олинган. 2026 йил 24 сентябрь куни кассация суди бошпана беришни рад этиш ҳақидаги қарорни тасдиқлаб, уни экстрадиция қилишга йўл очди.

Ҳар икки иш халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг 5 октябрь куни эълон қилинган қўшма мурожаатида батафсил ёритилган. Мурожаатни Халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик ташкилоти (IPHR), Қозоғистон Халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш бюроси, Freedom for Eurasia ҳамда Хельсинки инсон ҳуқуқлари жамғармаси имзолаган.Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар икки шахс Россияга қайтарилган тақдирда қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа шаклларига дуч келиш хавфи борлигидан огоҳлантирмоқда. Мовлаевга нисбатан эса унинг ҳаётига таҳдид мавжудлиги ҳам таъкидланмоқда.

Бу ҳолатлар Қозоғистоннинг ташқи сиёсий баёнотлари билан Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қилиш амалиёти ўртасида жиддий тафовут борлиги ҳақида гапиришга асос бўлади. Остона Европа давлатлари билан шерикликни ривожлантираётган бир пайтда, Мовлаев ва Емельянова ишлари бўйича қабул қилинган қарорлар амалда Россия ҳудудидан ташқарида ҳимоя излаётган шахсларнинг трансчегаравий таъқиб қилиниши учун шароит яратмоқда.

Қозоғистоннинг европалик ҳамкорлари учун бу нафақат инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга риоя этиш масаласи, балки Остона эълон қилаётган кўп векторли сиёсат Москвадан ҳақиқий мустақилликни англатадими-йўқми, деган саволга ҳам жавобдир. Европа билан иқтисодий яқинлашувнинг ўзи Россиядан сиёсий жиҳатдан масофа сақланишини кафолатламайди. Бу, айниқса, куч ишлатар идоралар ўртасидаги ҳамкорлик ва таъқибга учраш хавфи мавжуд бўлган инсонларнинг тақдири билан боғлиқ масалаларда яққол кўринади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ