«Ғазалкент» футбол клуби аутизмли болаларни қўллаб-қувватлаш акциясини ўтказди

«Ғазалкент» формаси. «Ғазалкент» ФК фотосурати

«Ғазалкент» клуби футболчилари Ўзбекистон Кубогининг чорак финалида Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасига қарши махсус футболкаларда майдонга тушишди. Футболкаларга аутизмли болалар чизган расмлар туширилган. Кийимлар чекланган миқдорда ишлаб чиқарилган бўлиб, уларни сотишдан тушган маблағлар жиҳозлар ва ўқув материаллари харид қилиш учун ихтисослаштирилган таълим марказига йўналтирилади.

«Навбаҳор» билан ўйин «Ғазалкент» учун клуб қайта тикланганидан кейинги илк мавсумдаги энг муҳим учрашувлардан бири бўлди. Про-лигада иштирок этаётган «Ғазалкент» илк бор миллий Кубокнинг чорак финалигача етиб борди. Наманганда жамоа 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Аввалроқ «Ғазалкент» вакиллари Профессионал футбол лигаси билан биргаликда Тошкентдаги «Нурафшон» маркази тарбияланувчилари ҳузурида бўлишган. Ушбу марказ, жумладан, аутизм спектри бузилиши бўлган болалар билан ҳам ишлайди. Мазкур акцияда Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари Абдуқодир Ҳусанов ва Беҳруз Каримов, шунингдек, «Ғазалкент» раҳбари Ғайрат Хасбиуллин иштирок этган.

«Нурафшон» маркази тарбияланувчилари. «Ғазалкент» футбол клуби фотосурати

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг бошқа футбол клублари ҳам болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия акцияларини ўтказган. 2019 йилда «Пахтакор» Ezgu Amal жамғармаси билан биргаликда оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ҳаёт учун футбол» акциясини ташкил этган. АГМКга қарши ўйин олдидан болаларни даволаш учун маблағ йиғилган, Тошкент жамоаси сардори эса суяк қўмиғи трансплантациясига муҳтож бола билан бирга майдонга чиққан. Клуб футболчилари Республика онкология марказининг болалар бўлимига ҳам ташриф буюришган. Яна бир футбол клуби — «Қўқон-1912» Тошкентдаги Гематология институтида лейкозга чалинган болалар учун ўтказилган хайрия акциясида иштирок этган.

Ҳозирги «Ғазалкент» клуби профессионал футболда 25 йиллик танаффусдан сўнг, 2025 йил охирида қайта тикланди. Клуб хусусий маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади ва асосан ёш футболчиларга таянади. Қайта тикланганидан сўнг жамоа илк мавсумда Суперлигага чиқиш учун кураш олиб бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ