Туркияда 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун кучга кирди

Туркияда 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очишни тақиқловчи тартиб кучга кирди. Аввалдан мавжуд профиллар давлат хизматлари орқали текширилади ва ёшга оид талаб бузилган тақдирда блокланади. Келгуси йилнинг 31 мартигача ўтиш даври белгиланган, деб хабар беради Anadolu мамлакатнинг Оила ва ижтимоий хизматлар вазирлигига таяниб.

Энди бирор ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтиш учун Туркиянинг e-Devlet давлат хизматлари портали орқали шахсни тасдиқлашдан ўтиш керак. Шундан сўнг фойдаланувчи ёши кўрсатилган рақамли токенни олади.

Шу билан бирга, интернетдан фойдаланишнинг янги қоидаларига мувофиқ, 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ҳам чекловлар жорий этилмоқда. Уларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очишга рухсат берилади, бироқ нотанишлар билан ёзишиш (фақат дўстлар билан мулоқот қилиш мумкин), тўғридан-тўғри эфирга чиқиш, смартфон экранининг скриншотини олиш, «катталар учун» рекламаларни кўриш ва бошқалар тақиқланади.

Бундан ташқари, вазирлик маълум қилишича, болаларнинг интернетда бўлишини назорат қилиш бўйича ота-оналарнинг ваколатлари кучайтирилади. Катталар ўсмирнинг аккаунт созламаларини, онлайн харидлари ва пуллик обуналарини, харажатлар лимитини, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш вақтини ҳамда геолокация маълумотларини алмашиш механизмларини бошқариши мумкин бўлади.

Қонун YouTube, TikTok, Facebook, Instagram ва бошқа платформаларни ўз ичига олган барча ижтимоий тармоқларга татбиқ этилади.

Туркияга ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳлар мамлакатга кирганидан сўнг давлат порталида паспорт маълумотларини кўрсатиб, машҳур интернет ресурсларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Янги тартибни бузганларга нисбатан санкциялар қўлланади. 15 ёшга тўлмаган болалар ёки улар учун аккаунт очган шахсларга қоидабузарнинг йиллик даромадининг 3 фоизи миқдорида жарима солиниши ва реклама жойлаштириш тақиқланиши мумкин. Айрим ҳолларда интернет ўтказиш қобилияти 90 фоизгача чекланади.

15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Туркия парламенти жорий йилнинг апрель ойида маъқуллаган эди. Бунга Қаҳрамонмараш шаҳридаги мактаблардан бирида содир бўлган ҳодиса сабаб бўлганди: 14 ёшли ўсмир тўққиз нафар ўқувчи ва бир нафар ўқитувчини отиб ўлдирган эди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон фожиани вояга етмаганлар орасида ижтимоий тармоқларнинг оммалашгани билан боғлаб, контент алмашишга мўлжалланган рақамли иловалар болалар онгини бузишини, ижтимоий тармоқлар эса ахлатхонага айланганини айтган эди.

Туркия бундай чекловларни жорий этган биринчи мамлакат эмас. Франция, Испания, Хитой ва АҚШда ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига нисбатан тақиқлар амал қилади. Келгуси йилда Грецияда ҳам шундай қоидалар кучга киради.

Энг кескин ёндашув Австралияда қўлланган деб ҳисобланади. У ерда 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий интернет платформаларидан фойдаланишни тақиқловчи кенг қамровли қонун қабул қилинган. Бироқ, ўсмирлар ҳукумат қароридан норози бўлиб, уни бекор қилишни талаб қилиб Олий судга даъво аризаси киритишди. Бу иш бўйича суд жараёни ҳалиям давом этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ