Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида янги темир йўли ишга тушди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида янги темир йўл йўналиши очилди: жорий йил октябрь ойида ушбу йўналиш бўйлаб Қозоғистон кўмирини ортган биринчи поезд жўнатилди, деб хабар беради Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.

Гап Дарбоза — Мақтаарал темир йўл линияси ҳақида бормоқда. Ушбу йўналишда ҳаракат бошлангани 4 ноябрь куни Бош вазир Олжас Бектенов раислигида ўтган «Самрук-Қазина» жамғармаси директорлар кенгаши йиғилишида эълон қилинди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги темир йўл линияси жамғарма иштирокида амалга оширилган муҳим лойиҳалардан бири сифатида қайд этилди. Магистралнинг ишга туширилиши темир йўл тармоғининг ўтказиш қобилиятини ошириш, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш ва Қозоғистон маҳсулотларини Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилиш йўналишларини кенгайтириш имконини беради.

Дарбоза — Мақтаарал темир йўл линиясининг қурилиши 2023 йил ноябрь ойи охирида бошланган. Асосий йўлларнинг узунлиги 127,6 км, темир йўл изларининг умумий узунлиги эса тахминан 152 кмни ташкил этади. Лойиҳа қиймати 286 миллиард тенгега (тахминан 545,7 миллион доллар) баҳоланган. Шунингдек, лойиҳа доирасида Ўзбекистон билан чегарада янги ўтказиш пунктини очиш ва уни «Сирдарё» темир йўл станцияси билан боғлаш кўзда тутилган.

Лойиҳа президент Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғига мувофиқ амалга оширилди. У Ўзбекистон билан қўшимча халқаро темир йўл йўналишини яратади ва Сариоғоч — Тошкент йўналишидаги ортиқча юкламани камайтириш имконини беради. Янги участка 20 миллион тонна юкни «ўз зиммасига олиши» мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон Транспорт вазирлиги темир йўл линиясида ишчи ҳаракатни жорий йил охиригача бошлаш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

Қозоғистон раҳбарияти мамлакатнинг транзит салоҳиятини кенгайтириш нияти ҳақида бир неча бор баёнот берган. Жумладан, 2025 йил декабрь ойида Олмаота шаҳрини четлаб ўтувчи Жетиген — Қозибек темир йўл линиясида ҳаракат бошланган эди. Узунлиги 75 км бўлган магистрал шаҳар темир йўл узелининг юкламасини камайтириш, шунингдек, Хитойдан Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига юк етказиб бериш вақтини қисқартиришга хизмат қилиши керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ