Уммон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси тарихий ҳужжатларни сақлаш ва реставрация қилиш билан шуғулланувчи ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий стажировкалар ташкил этишни таклиф қилди. Ҳамкорлик имкониятлари 3 ноябрь куни Масқат шаҳрида Уммон идораси ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази делегацияси вакиллари ўртасида муҳокама қилинди, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.
Делегацияга Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қилди. Ташрифда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Уммондаги элчиси Абдусалом Хатамов, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов ва республикадаги бошқа илмий ҳамда давлат муассасалари вакиллари иштирок этди. Ташриф доирасида делегация Уммон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси, доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди.
Томонлар қўшма тадқиқотлар ўтказиш, тарихий манбалар алмашиш ва Ўзбекистон ҳамда Уммон алоқаларига бағишланган халқаро конференция ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Уммон томони икки халқнинг умумий жиҳатларини, жумладан, диний мероси, меъморчилик анъаналари ва пул муомаласи тарихини ўрганишни таклиф этди.
Ўзбекистон делегациясига, шунингдек, ҳужжатларни реставрация қилиш ва рақамлаштириш билан шуғулланувчи архив лабораторияларининг фаолияти намойиш этилди. Қадимий қўлёзмаларни замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш технологияларига алоҳида эътибор қаратилди. Бошқарманинг етакчи мутахассиси Фаҳд бин Муборак ал-Дамдамий ўзбекистонлик ҳамкасбларини амалий стажировкага қабул қилиш, уларни фойдаланилаётган ускуналар ва архивларни сақлаш усуллари билан таништиришга тайёрлигини билдирди.
Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ уч йиллик фаолият дастурини ишлаб чиқмоқда. Унинг асосий йўналишларидан бири халқаро илмий ҳамкорликни, жумладан, тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмаларни ўрганиш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришдан иборат бўлади.
Икки мамлакатнинг архив соҳасидаги ҳамкорлиги бир неча йилдан буён ривожланиб келмоқда. 2026 йил август ойида Уммон делегацияси Самарқанд, Бухоро ва Тошкентдаги илмий ҳамда маданий муассасаларга ташриф буюрган эди. Сафар якунлари бўйича Уммон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти аввал имзоланган меморандум доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди. Унда қўлёзмаларни реставрация қилиш, микрофильмларга олиш, каталоглаштириш ва илмий жиҳатдан ўрганиш бўйича қўшма ишларни амалга ошириш назарда тутилган.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



