Ўзбекистонда ёнғиндан жабрланганлар учун 1,3 млрд сўмгача компенсация белгиланди

nova24.uz сайтидан олинган сурат

Ўзбекистонда суд ёнғин келиб чиқишида айбдор бўлган шахслар зиммасига тегишли фавқулодда ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганларга қўшимча компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилганда етказилган зарарни қоплашнинг янги тартибини назарда тутувчи тузатишлар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрда имзолаган қонун билан тасдиқланди. Бироқ, Lex.uz порталида эълон қилинган ушбу ҳужжат 2027 йил 5 февралдан кучга киради.

Ўзгартиришларга кўра, айбдорлар фавқулодда ҳодиса оқибатида жисмоний шахсларга ёки компанияларга етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплашлари шарт. Аммо, агар ёнғин оқибатида инсонлар жабрланган бўлса, суд алоҳида компенсациялар белгилашга ҳақли.

Инсон ҳалок бўлган тақдирда тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3000 бараваригача — 1,32 млрд сўмни (110,5 минг доллар) ташкил этиши мумкин. Жабрланувчига I гуруҳ ногиронлиги белгиланган тақдирда 1500 БҲМгача — 660 млн сўм (55,2 минг доллар), соғлиғига бошқа турдаги шикаст етказилганда эса — 600 БҲМгача ёки 264 млн сўм (22,1 минг доллар) миқдорида компенсация тўланади.

Мазкур компенсациялар қўшимча ҳисобланади, яъни улар айбдорнинг ёнғин оқибатида етказилган ҳақиқий зарарни қоплаш бўйича мажбуриятини бекор қилмайди. Шу билан бирга, қонунда устуворлик белгиланган: тўловлар биринчи навбатда жабрланганлар ва фожиа қурбонларига амалга оширилади, фақат шундан сўнггина жарималар ва давлат фойдасига бошқа ундирувлар қопланади.

Ҳужжатда, шунингдек, бозорлар, савдо мажмуалари ва савдо-кўнгилочар марказлари эгалари ўз объектларини ҳамда учинчи шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини ёнғиндан суғурта қилишлари шарт экани қайд этилган.

Мазкур талабларни бажармаганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 дан 75 бараваригача — 22 миллиондан (1,8 минг доллар) 33 миллион сўмгача (2,7 минг доллар) жарима солинади. Ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда жарима миқдори БҲМнинг 100 бараваригача — 44 миллион сўмгача (3,7 минг доллар) ошиши мумкин.

Бошқа ҳолларда ёнғиндан суғурта қилиш ихтиёрий бўлиб қолади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда мустақил ёнғин аудити институти жорий этилмоқда. Корхона билан тузилган шартнома асосидаги текширувни республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) томонидан аккредитациядан ўтказилган ташкилотлар ўтказиши мумкин. Агар объект талабларга жавоб берса, давлат назорат органлари уни бир йил давомида текширмайди. Фуқароларнинг мурожаатлари ёки ОАВдаги хабарлар асосида амалга ошириладиган мониторинг жараёнлари бундан мустасно.

Қонунда аудит ўтказиш вақтида ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилганлиги учун жарималар белгиланган. Жумладан, жисмоний шахсларга БҲМнинг 15 бараваригача — 6,6 миллион сўм (552 доллар), мансабдор шахсларга эса 30 бараваригача ёки 13,2 миллион сўм (1,1 минг доллар) миқдорида жарима солиниши мумкин.

Текширувларнинг даврийлигини аниқлаш мақсадида объектлар ёнғин хавфи тоифасига кўра тўртта гуруҳга ажратилган. Биринчи гуруҳ учун аудит йилига кўпи билан бир марта, иккинчи гуруҳ учун икки йилда бир марта, учинчи гуруҳ учун уч йилда бир марта, тўртинчи гуруҳ учун эса хавфсизлик қоидалари бузилгани тўғрисида хабарлар келиб тушганда ёки зарурат туғилганда ўтказилиши мумкин.

Таъкидланишича, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда объектнинг фаолияти тўхтатиб турилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ