Қирғизистонда иш берувчиларга ойликларни инфляцияга мос равишда индексация қилиш мажбурияти юкланди

bulak.kg сайтидан олинган сурат

Қирғизистон президенти Садир Жапаров иш берувчиларга истеъмол нархлари ўсишини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақини индексация қилиш мажбуриятини юклайдиган Меҳнат кодексига ўзгартиришларни имзолади. 2026 йил 6 ноябрдаги 152-сонли қонун расмий эълон қилинганидан ўн кун ўтиб кучга киради, деб хабар беради Kaktus.media.

Ҳужжатга мувофиқ, инфляция оқибатида меҳнаткашларнинг харид қобилияти пасайишини қоплаш мақсадида иш берувчилар реал иш ҳақининг оширилишини таъминлашлари шарт.

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда индексация қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Хусусий компаниялар ва бошқа нобюджет тузилмаларда эса унинг шартлари, ҳажми ҳамда даврийлиги жамоавий шартномалар, келишувлар ёки ички меъёрий ҳужжатлар билан белгиланади.

Шу билан бирга, қонун индексациянинг ягона миқдорини белгиламайди. Унинг қабул қилиниши барча ходимларнинг маоши автоматик тарзда инфляция миқдорига тенг ошади, дегани эмас.

Мазкур ўзгартиришлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка 2025 йилда қабул қилинган Меҳнат кодексининг янги таҳририда тушиб қолган қоидани қайтармоқда. Қонун лойиҳаси муаллифлари уни қайта тиклаш заруратини турмуш даражаси қимматлашиб бораётгани билан изоҳлайдилар. Уларнинг маълумотларига кўра, 2014–2024 йилларда Қирғизистонда истеъмол нархлари 68,2 фоизга ошган.

Республика Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида истеъмол нархлари 8,1 фоизга ўсди. Шу билан бирга, январь–август ойларида ўртача ойлик номинал иш ҳақи 55 079 сомни (тахминан 630 доллар) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга ошди. Инфляцияни ҳисобга олганда, реал иш ҳақининг ўсиши 16,1 фоизга етди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ