ОТБ Ўзбекистонда чорвачилик соҳасидаги лойиҳани амалга ошириш учун 60 млн доллар ажратади

stat.uz сайтидан олинган сурат

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукуматига 60 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли қарз ажратилишини маъқуллади. Маблағлар озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш ва чорвачиликни ривожлантиришга йўналтирилади, дейилади халқаро молия институтининг пресс-релизида.

Гап «Барқарор чорвачиликни ривожлантириш» лойиҳасини молиялаштириш ҳақида бормоқда, унинг доирасида республиканинг бешта ҳудуди: Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги қарийб 29 мингта майда фермер хўжалигига ёрдам кўрсатилади. Дастур фермерларнинг чорва озуқасига бўлган эҳтиёжини қондиришни осонлаштиради, ветеринария хизматлари фаолиятини яхшилайди ва яйлов ерларидан янада самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, мазкур ҳудудларда қишлоқ аҳолисининг кучайиб бораётган қурғоқчилик ва сув танқислигига мослашуви бўйича амалий ечимлар татбиқ этилади. Шунингдек, соҳада рақамли технологиялардан фаол фойдаланиш кўзда тутилган. Масалан, яйловлар мониторингига сунъий интеллект жалб қилинади, фермерлар учун тавсиялар берадиган ҳамда иқлим ўзгариши ҳақида эрта огоҳлантирувчи мобил илова ишга туширилади ва ҳоказо.

Қайд этилишича, чорвачилик билан шуғулланувчи хотин-қизлар махсус таълим олади ва озуқа ишлаб чиқаришда қўллаб-қувватланади. Бундан ташқари, лойиҳа уларнинг тадбиркорлик фаолиятидаги иштирокини кенгайтиради.

ОТБ вакилларининг қўшимча қилишича, банк томонидан ажратилган маблағга Яшил иқлим жамғармаси ҳамда Фаровон ва барқарор Осиё ва Тинч океани бўйича Япония жамғармасининг грантлари ҳам қўшилади. Мазкур тузилмалар тегишлича 5 миллион ва 3 миллион доллар ажратади.

«Чорвачилик Ўзбекистон қишлоқ аҳолисининг миллионлаб вакиллари учун энг муҳим даромад ва озиқ-овқат манбаи ҳисобланади, бироқ бу соҳа қурғоқчилик, аномал иссиқ ва сув танқислигидан тобора кўпроқ жабр кўрмоқда. Ушбу лойиҳа фермерларга чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда иқлим таҳдидларига нисбатан барқарорликни мустаҳкамлашда ёрдам беради», — дея қарз маъқулланганига муносабат билдирди ОТБнинг Ўзбекистондаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая.

ℹ️ Ўзбекистон 1995 йилда Осиё тараққиёт банкининг ҳамкорига айланган. Ўтган 30 йиллик ҳамкорлик давомида молия институти Марказий Осиё республикаси ҳукуматига жами қарийб 15 миллиард доллар миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.

  • Нима учун Россиядаги дата — марказларидаги муаммолар Қозоғистондаги одатий сервислар фаолиятини издан чиқариб юборди ва республика бу вазиятдан фойдалана оладими?

  • Эронга МДҲ нима учун керак ва у ЕОИИга қўшилишга тайёрми?

  • 111 та ташкилот Жаҳон банкидан нимани талаб қилмоқда ва бунинг Тожикистонга қандай алоқаси борлиги ҳақида

  • Ўнлаб қозоғистонликлар Россияга ишлаш учун кетишган, аммо у ерда урушга жалб этилган