Шифокорлар Бишкекда «Росатом» ядро тиббиёти маркази қурилиши кечикаётганидан шикоят қилишди

economist.kg сайтидан олинган сурат

Бишкекда «Росатом» иштирокидаги ядро тиббиёти маркази қурилиши лойиҳаси 2025 йилдаёқ тайёрланган бўлса-да, ҳозиргача бошланмади. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Миллий онкология ва гематология маркази директори Баҳодир Бебезовга таяниб, «Кабар» агентлиги хабар бермоқда.

Бебезовнинг сўзларига кўра, янги марказ лойиҳаси аллақачон тайёрланган, аммо уни амалга ошириш ишларига ҳали киришилмаган. Муассаса раҳбари яқин орада қурилишни бошлаш имкони топилишига умид билдирди. Лойиҳа қиймати ва ишларнинг аниқ муддатлари маълум қилинмаган.

Марказни ташкил этиш масаласи бир неча йилдан буён муҳокама қилинмоқда. 2025 йил сентябридаёқ Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Эркин Чечейбаев Миллий онкология ва гематология маркази негизида мазкур муассасани қуриш режасини эълон қилган эди. «Росатом» лойиҳада иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлаб, қирғиз томонига 2022 йилдан буён техник ва услубий ёрдам кўрсатиб келаётганини таъкидлаганди.

Бўлажак марказни позитрон-эмиссион ва бир фотонли эмиссион компьютер томографияси, радионуклид терапия ускуналари ҳамда шахсий циклотрон мажмуаси билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Мазкур мажмуа радиофармацевтик препаратларни бевосита Қирғизистонда ишлаб чиқариш имконини бериб, хориж таъминотига қарамликни камайтиради.

Шу билан бирга, Миллий онкология ва гематология марказида ядро тиббиёти бўлими аллақачон мавжуд. Унинг фаолияти Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) ва россиялик мутахассислар кўмагида кўп йиллик танаффусдан сўнг қайта тикланган эди. Жумладан, бўлимда онкологик ва бошқа касалликларни ташхислаш учун бир фотонли эмиссион компьютер томографи ўрнатилган.

Бироқ, 2026 йил 12 июнь куни радиофармацевтик препаратларни тайёрлаш учун зарур бўлган технеций-99m генераторлари йўқлиги сабабли текширувлар тўхтаб қолган. Бу ҳақда сентябрь ойида Kaktus.media нашрига бўлим мудири Гулнора Риспаева сўзлаб берганди.

Унинг сўзларига кўра, ХАЭА дастури доирасида бўлимга 32 та генератор берилган бўлиб, улар тахминан бир йиллик ишга етган. Халқаро дастур якунланганидан сўнг препаратлар билан таъминлашни «Қирғизфармация» давлат компанияси ўз зиммасига олиши керак эди.

Генераторларни етказиб берувчи сифатида «Росатом» тузилмасига кирувчи «Изотоп» компанияси иштирок этмоқда. Бироқ радиоактив моддаларни етказиб бериш бир нечта давлат идоралари билан келишишни ва махсус рухсатномалар олишни талаб қилади.

Сентябрь ойида бўлим ҳали ҳам янги етказиб беришларни кутаётган эди. Ноябрь ойига келиб текширувлар қайта тикландими-йўқми, аниқлик киритилмаган.

Шу билан бирга, Қирғизистонда ядро тиббиёти соҳасидаги мутахассислар танқислиги кузатилмоқда. Риспаеванинг маълумотларига кўра, бутун мамлакат бўйича бор-йўғи олти нафар соҳа мутахассиси бор. Диагностикани кенгайтириш ва янги даволаш усулларини жорий этиш учун тиббиёт физиклари, радиокимёгарлар ва радиолог шифокорларни тайёрлаш зарур.

ℹ️ Россия ташкилотлари иштирокидаги шу каби лойиҳалар Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ишлаб чиқилмоқда. 2025 йил май ойида «Росатом» Душанбеда йилига 2500 нафар беморга мўлжалланган, майдони 5000 квадрат метр бўлган ядро тиббиёти марказини барпо этиши маълум бўлган эди. Ўша йилнинг июнь ойида «Ўзатом» агентлиги ва Россиянинг Березин номидаги Тиббиёт институти Ўзбекистонда ҳам шундай муассаса ташкил этиш бўйича битим имзолади. Уни позитрон-эмиссион томография, нур терапияси ва радиофармпрепаратлар ишлаб чиқариш қурилмалари билан жиҳозлаш кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ