Кўҳна Самарқандда Имом Мотуридийнинг инновацион музейи ташкил этилади

Фото: ИЦМ

Самарқандда мутафаккир Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган инновацион музей ташкил этилмоқда. Экспозицияда ёши минг йилгача бўлган қадимий қабртошлар, тарихий материаллар ва электрон кутубхона тақдим этилади. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ихтиёр Абдураҳмоновга таянган ҳолда хабар бермоқда.

Музей 944 йилда улуғ аллома дафн этилган тарихий Чокардиза мажмуаси ҳудудида жойлашади. Экспозиция ислом ақидаси тарихи, Мотуридий ҳаёти, унинг шогирдлари ва издошлари ҳамда дунёда мотуридия таълимотининг тарқалишига бағишланган олтита бўлимдан иборат бўлади.

Алоҳида бўлим асрлар давомида Самарқанднинг таниқли уламолари, муфтийлари ва дин арбоблари дафн этилган Чокардиза қабристони тарихига бағишланади. Бу ерда археологик топилмалар, жумладан, минг йиллик тарихга эга қабртошлар намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар уларда сақланиб қолган битиклар ва қадимий хаттотлик намуналари билан танишишлари мумкин.

«Афсуски, шўролар даврида қабристоннинг катта қисми вайрон қилиниб, ҳудудида турли бинолар қад ростлаган эди. Мустақиллик йилларида эса Имом Мотуридий мақбараси барпо этилди», — деди Абдураҳмонов.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда мажмуа ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Мотуридий мақбараси аллақачон реконструкция қилинган ва яна бир машҳур фақиҳ — Бурҳониддин Марғинонийнинг мақбараси қайта тикланган. Масжид ва музей қурилиши давом этмоқда.

Музейда, шунингдек, мотуридия таълимотига бағишланган асарларнинг электрон кутубхонаси ҳам яратилади. Ташриф буюрувчилар учун алломанинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида 10–15 дақиқалик фильм, болалар учун эса интерактив ўйинлар ва викториналар тайёрланмоқда. Алоҳида экспозиция замонавий Ўзбекистонда Мотуридий меросини ўрганишга бағишланади. Музейнинг очилиш санаси ҳозирча маълум эмас.

Абу Мансур ал-Мотуридий (тахминан 870–944 йиллар) — Самарқандда яшаб, ижод қилган буюк ислом олими. У суннийлик исломининг Марказий Осиё, Туркия ва мусулмон оламининг бошқа минтақаларида кенг тарқалган асосий калом йўналишларидан бири — мотуридия таълимотининг асосчиси ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ