Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дунёнинг энг нуфузли мусулмонларининг ҳар йилги The Muslim 500 — 2027 рейтингида топ-40 таликка киритилди. Мазкур рўйхат Иордания пойтахти Аммонда жойлашган Қироллик стратегик ислом тадқиқотлари маркази томонидан шакллантирилади.
Рейтинг тузувчилари Марказий Осиё республикасида амалга оширилаётган «Янги Ўзбекистон» ислоҳотлар дастурини, шунингдек, Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт эркинлаштирилгани, хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратилгани ва халқаро савдо кенгайтирилганини алоҳида қайд этдилар. Пахтачилик тармоғида мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилгани муҳим ютуқ сифатида кўрсатилган.
Бундан ташқари, The Muslim 500 муаллифлари ёзишича, Ўзбекистон раҳбари минтақадаги қўшни давлатлар билан алоқаларни ижобий томонга ўзгартирди, янада очиқ ташқи сиёсат эса мамлакатнинг дипломатик ҳамда иқтисодий шерик сифатида дунёдаги нуфузини сезиларли даражада оширди.
Мирзиёевнинг тарихий ислом меросига катта эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланган. Масалан, ҳукумат кўмагида масжидлар қурилмоқда ва таъмирланмоқда, ҳаж ҳамда умра имкониятлари кенгайтирилмоқда, муқаддас қадамжолар қайта тикланиб, диний таълим ривожлантирилмоқда. Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази барпо этилгани ҳам алоҳида эътироф этилган.
Қўшимча қилиш жоиз, 2027 йилги рейтингда (жорий йил охирида эълон қилиниб, кейинги йил санаси билан белгиланади — «Фарғона» изоҳи) Мирзиёев 40-ўринни эгаллаган бўлса, аввалги нашрда ҳам давлат раҳбари дунёнинг энг нуфузли мусулмонлари қаторида эди, аммо дастлабки 50 нафарлик доирасидан ташқарида кўрсатилган эди (аниқ поғоналар фақат топ-50 вакилларига берилади, қолган 450 киши эса рақамларсиз санаб ўтилади).
The Muslim 500 — 2027 рўйхатидан Марказий Осиё республикаларининг яна бир неча вакили ўрин олган. Қозоғистондан мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тўқаев ва хонанда Димаш Қудайберген, Тожикистондан муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода бор. Қирғизистон ва Туркманистон фуқаролари рўйхатда қайд этилмаган. Бироқ Афғонистоннинг бир неча вакили, жумладан, «Толибон» ҳаракати етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода киритилган.
Биринчи поғонани бу гал бирданига беш нафар шахс бўлишган. Улар — Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва мамлакат мудофаа кучлари қўмондони фельдмаршал Осим Мунир ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғондир.
Умуман олганда, рўйхатдан диний уламолар, сиёсатчилар, тадбиркорлар, журналистлар, олимлар, маданият ва спорт намояндалари жой олган. Масалан, спортчилар тоифасига футболчилар Муҳаммад Салоҳ (Миср), Ашраф Ҳакимий (Марокаш), франциялик Зайниддин Зидан ва Усмон Дембеле, Испаниянинг ягона вакили Ламин Ямал ҳамда россиялик собиқ ММА жангчиси Ҳабиб Нурмагомедов киритилган.
The Muslim 500 рейтинги 2009 йилдан бери мунтазам эълон қилиб келинади. Тузувчилар инсоннинг мусулмон оламига ёки ушбу дин вакилларига таъсир кўрсата олиш қудратини асосий мезон деб ҳисоблайди. Бунда таъсир ижобий ҳам, салбий ҳам бўлиши мумкин, рўйхатга киритилиш эса муаллифлар мазкур шахснинг қарашларини қўллаб-қувватлашини англатмайди.
Иордания Қироллик ислом маркази таъкидлашича, мазкур рейтинг дунёда ислом олами шахслари бўйича энг таниқли ва энг кўп иқтибос келтириладиган ҳар йилги маълумотнома ҳисобланади, бироқ унинг нуфузи қатъий илмий ёки расмий эмас, балки ўзига хос экспертлик-публицистик хусусиятга эга.



