HRW Қирғизистон ҳукуматини репост учун уч йилга қамалган бишкеклик фуқарони озод қилишга чақирди

Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон ҳукуматига ижтимоий тармоқларда «Клооп» нашри материалини репост қилгани учун уч йилга колонияга ҳукм қилинган Бишкек шаҳрида яшовчи Бақтибек Молдалиевни озод қилиш талаби билан мурожаат қилди. Ушбу баёнот HRW сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатда бишкеклик фуқарога чиқарилган ҳукм адолатсиз деб аталган. Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари Марказий Осиё республикаси ҳукуматидан сўз эркинлигига тажовуз сиёсатини ўзгартиришни, давлатни танқид қилувчиларни бостириш учун жиноий одил судлов тизимидан фойдаланишни тўхтатишни ҳамда экстремизм тўғрисидаги қонунларни ислоҳ қилишни сўрамоқда.

HRW ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Хью Уильямсон таъкидлаганидек, Молдалиев билан боғлиқ ҳолат бутун Қирғизистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига хавотирли сигнал йўлламоқда, чунки исталган платформада «репост» тугмасини оддийгина босиш қамоқ жазосига олиб келиши мумкин.

Ташкилот 2025 йилнинг июль ойида мустақил ОАВга қарши қатағонлар фонида Жиноят кодексига экстремистик деб топилган материалларни тайёрлаш ва тарқатганлик учун жазо чораларини кучайтирувчи тузатишлар кучга кирганини эслатди. Бундай ҳаракатлар учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлана бошлади. Бундан ташқари, расмийлар экстремистик фаолиятга оммавий чақириқлар учун интернет ёки оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни жиноийлаштирди, эндиликда бунинг учун беш йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

Қонунчиликка ўзгартиришлар киритилганидан кўп ўтмай, ушбу нормалар қўлланган суд жараёни ўтказилди. Жумладан, 2025 йилнинг октябрь ойида Бишкек суди «Клооп» нашри ҳаммуассиси Ринат Тухватшин ва суриштирувчи журналист, Temirov Live лойиҳаси асосчиси Болот Темировнинг фаолиятини, шунингдек, тегишли медиалар сайтларида эълон қилинган материалларни «экстремистик» деб топди.

11 ноябрь куни Бишкекнинг Октябрь туман суди маҳаллий фуқаро Бақтибек Молдалиевни «Клооп» нашри хабарини репост қилгани учун уч йилга колонияга ҳукм қилгани хабар қилинган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, қирғизистонлик фуқаронинг жиноий таъқиб қилинишига унинг мустақил нашрлар сайтларини ўқигани, ижтимоий тармоқларда ҳукуматни очиқ танқид қилгани ҳамда мухолиф ОАВ материалларини ўз саҳифалари орқали бошқа фойдаланувчилар билан бўлишгани сабаб бўлган.

Аввалроқ Молдалиевга чиқарилган ҳукмга Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) муносабат билдириб, қарорни сўз эркинлигига босимнинг яққол кўриниши деб атаган эди. Бундан ташқари, ташкилот президент Садир Жапаров бошқаруви даврида Қирғизистонда сўз эркинлиги издан чиққанини ва ҳукумат томонидан мисли кўрилмаган чекловларга дуч келганини таъкидлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ