“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламиз – Бахмал водийсидаги Қуёш соати ҳамда бепуштликка даво бўладиган Новқат булоғи ҳақида.
Шу кунларгача Ўзбекистон аҳолисига ўзини ғалла ва мева маҳсулотлари билан таъминлаш имкониятини берувчи баҳорикор ерларидаги деҳқончилик (лалмикорлик) Помир ва Тиёншон тоғи этакларида илк аҳоли манзиллари билан деярли бир пайтда пайдо бўлган.
Тупроқли адирлар ёнбағирларидаги ҳайдалган ерлар ва боғлар фақат баҳорги ёмғир ҳамда март-апрель ойларида тўлиб-тошадиган мавсумий жилғалар сувлари билан суғорилади. Май ойининг ўрталарида бу жилғаларнинг ўзанлари бутунлай қурийди. Лалми плантацияларидаги ўсимликлар қиш ва баҳор даврида тупроқда тўпланган намлик билан суғорилади. Ичимлик суви эса узоқ тоғ чўққиларидаги қор ва музнинг эриши туфайли ер остининг сув қатламларини тўлдириб, ташқарига чиқарадиган булоқларда қолади, холос. Бу ерларда ҳар бир булоқ муқаддас қадамжо саналади, уларнинг ҳар бирининг ортида ўзини эзозловчи эътиқод ва ёрқин халқ ривоятлари мавжуд.
Ҳукмдорнинг қочқин қизи
Бунақанги булоқлар Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятининг жанубида, Молгузор ва Туркистон тоғ тизмалари орасида ётган Бахмал водийсида жуда кўп. Мисол учун, Новқат қишлоғи атрофидаги ер ости ғоридан отилиб чиқадиган муқаддас чашманинг эъзозланишида кўҳна зироатчилик эътиқодининг таъсирини кўриш мумкин. Маҳаллий ривоятларга кўра, кунлардан бир кун Балх (ҳозирги Афғонистоннинг шимолидаги қадимги шаҳар) ҳукмдорининг қизи дугоналари билан сайр қилгани тоққа чиқади ва улар ўз йўлларида суви шаффоф ва муздек бўлган булоққа келадилар. Булоқнинг муздек сувини ичишга фақат малика ботинади. Бирмунча вақт ўтиб малика ҳомиладор бўлиб қолганини сезиб қолади. Ўзининг бокиралиги ҳақида қанча таъкидламасин, унга ҳеч ким ишонмайди. Ҳукмдор уни ражм (тошбўрон) қилиб ўлдиришга қарор қилади. Бироқ ўша пайтда ҳукмдор саройига ташриф буюрган сеҳр ва мунажжимликдан хабардор бир жаҳонгашта донишманд кимса подшоҳни ўз қизини қатл қилиш ниятидан қайтаришга эришади.
Шоҳ мунажжимнинг маслаҳатига рози бўлиб, қатл қилиш ниятидан қайтади, бироқ қизини уйдан ҳайдаб юборади – уни туяга ўтқазиб қўйиб, кўзи оққан томонга кетишни буюради. Туя аёлни шимолга қараб олиб кетади ва бир неча ойдан сўнг Бахмал водийсига етиб келганидан кейин тўхтайди. Туя шу ерда, бутунлай ҳолдан тойиб яланғоч адирлар орасида жон беради. Қувғиндаги аёл тўлғоқ дарди яқинлашиб келаётганини ҳис этади. У жарлик ичидаги бутазорлар орасида яшириниб, ўғил туғади. Бироқ чақалоқни эмизгани ярамайди, негаки ўзи чанқоқ туфайли ҳолдан тойган бўлади. У янги туғилган чақалоқни писта дарахтининг соясида қолдирадида, ўзи сув излагани кетади. Қидирувлари самара бермай, бир соатдан сўнг қайтганида, боласи ётган тошлар орасидан булоқнинг кўзи очилиб, сув отилиб чиқаётганини кўради. Бироқ мўъжизалар энди бошланаётган экан – она фарзандини чўмилтирмоқчи бўлиб, сувга солганида, бола балиққа айланиб, сувга шўнғиб кетади ва сув остидаги ғорга кириб кетади. Булоқдан отилаётган сув янада кучайиб кетади, ва катта оқимга айланиб бутун водийни сув билан суғоради. Бу ерда боғлар пайдо бўлади. Муштипар аёл эса булоқ бўйида қолиб, умрини зоҳидона ҳаётда ўтказади.
Бугунги кунда Новқатдаги булоқ ёнида 1909 йилда қурилган масжид ҳамда зиёратчиларнинг тунаб қолиши учун хонақо қад кўтариб турибди. Зиёратга келган аёллар булоқдан чиқаётган сувдан бир қултум ичилса, бепуштликдан даво бўлади, дея ишонадилар.
Ҳовуздаги маҳаллий балиқларнинг хулқи ҳам худди афсонада ҳикоя қилинганидек: ёзнинг жазирама иссиғида улар чуқур ғорнинг тубида яшириниб ётишади ва шом номози пайтида сув юзига чиқишади.
Тавқи лаънат остидаги хазина
Ўрта асрларда ислом мутасаввифлари – суфийларнинг кўпчилиги тарки дунёчиликка юз тутиб, садақа эвазига ҳаёт кечиришар, Марказий Осиёнинг иқлими ва шароитлари қулай ва айниқса қандайдир алоҳида хусусиятларга эга бўлган гўшаларининг аксариятини ўзлари учун манзил сифатида ўзлаштириб олишар эди.
Тошларга, жилғаларга ва дарахтларга сиғинишни қатъиян тақиқлайдиган Ислом тавҳидининг шавқатсиз доктринаси билан халқ онгидан чиқиб кетиши ниҳоятда қийин бўлган маъжусийлик эътиқодларининг сарқитлари ўртасидаги зиддиятлар айнан улар, яъни мутасаввифлар ёрдамида ҳал қилинди.
Афтидан, Новқатдаги булоқ ривояти, эҳтимол Зардуштийлик динидаги сув ва ҳосилдорлик илоҳаси Анахита билан боғлиқ кўҳна зироатчилик эътиқодининг сезиларли таъсирини кўтариб юрган бўлиши мумкин. Ушбу фараз Новқатдан унчалик узоқ бўлмаган жой, тоғли Жўмонжарда зардўштийлик динига эътиқод қилувчиларнинг ер ости ибодатхоналари топилгани билан тасдиқланади.
Бахмал водийсида қадимги маданият мавжуд бўлганига ғаройиб артефактлар гувоҳлик беради: булар “циферблатлари” ясси харсангдошларга ўйилган идеал юмалоқ шаклга эга, аммо бўлинмалари йўқ Қуёш соати. Бу соатнинг ёши нечадалигини аниқлашнинг имконияти йўқ, бироқ унинг функционал мақсади шубҳа туғдирмайди. Тошлар кўп, уларнинг катталиги ҳам етарли, улар билан ёнма-ён ётган тош таёқчаларни топиш мумкин. Бу таёқчалар афтидан “соат стрелкаси” бўлиб хизмат қилганга ўхшайди.
Таёқчани айлана марказига ўрнатиб қўйиб соясига қараб вақтни аниқлаш мумкин бўлади. Бахмалдаги топилмалар археологлар ҳамда қадимги дунё тарихи тадқиқотлари учун жуда бой материал бериши мумкин эди, бироқ ҳозирча маҳаллий аҳоли ва зиёратчилар учун қадамжо бўлиб хизмат қилишдан ортмаяпти. Қайд этиш жоиз, қадамжоларнинг эъзозланиши уларнинг вайрон бўлишдан асрамоқда ҳамда бўлгуси авлод учун сақланиб қолмоқда.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирида Бахмалда сал бўлмаса “ҳазина изловчилар талвасаси” бошланиб кетишига оз қолди. Ўшанда Жаргоҳ қишлоғининг ўртасида қўққисдан ер ости йўли очилиб қолганида у ердан бир қанча қадимий предметлар, шу жумладан, қурол-аслаҳалар ва олтин тангалар топилди. Бироқ ушбу талваса фожиага айланиб кетди: сохта тадқиқотчилардан бири ерости катакомбаларида бедарак йўқолиб қолди. Шундан сўнг расмийлар ерости йўлининг оғзини кўмиб ташлашни буюрдилар, маҳаллий аҳоли бу топшириқни бажонидил бажарди.
“Ҳамма мўъжизалар Тангри Таъалонинг иродаси билан амалга ошади, — дейди қадамжо назоратчиси. – Бизнинг ўлкамизда сув – ҳамма нарса. Новқатда бир ярим минг оила истиқомат қилади, булоқ эса битта. 1977 йилнинг қишида катта тошқин содир бўлган: тоғдан оқиб келган кучли сел булоқнинг кўзини тош аралаш лой билан босди. Бироқ одамларимиз қўл меҳнати ёрдамида булоқнинг кўзини ёпиб қўйган балчиқ ва тошларни ковлаб чиқариб ташладилар, ҳовузни тозаладилар ва булоқ атрофига қайтадан дарахт кўчатларини экиб чиқдилар”.
Баҳорда Бахмал водийси олма боғларининг гулларига ғарқ бўлади. Бахмалнинг олмалари бутун Ўзбекистонда танилган, уларнинг шуҳрати Наманган олмалариникидан кам эмас. Бахмал олмалари Тошкент-Самарқанд автомагистрали бўйлаб сотилади. Ҳар бир ҳовлидаги омборлардан ўтган йилги ҳосилдан сақланаётган олмаларнинг ҳушбўй ҳиди таралади. Адир тепаликларидаги ерлар буғдой сепиш учун ҳайдаб қўйилади ва июль ойининг ўрталарига келиб ҳосил ўриб олинади. Бироқ лалмикор деҳқончилик минг йил олдин қандай таҳликали бўлса, бугунги кунда ҳам худди шундай машғулот бўлиб қолмоқда. Ҳосилдорлик баҳорда ёққан мўл ёмғир ҳамда мевали дарахтлар гуллаганида совуқ уриш-урмаслиги ва дўл ёғиш-ёғмаслигига боғлиқ. Аҳвол минг йиллар олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам худди шундай – деҳқончилик ва боғдорчилик табиатнинг илтифотига жуда ҳам муҳтож. Бордию, бирор-бир кўнгилҳушсизликлар пайдо бўлиб қолса, одамлар қадамжога тўпланиб, худои ўтказадилар. Аллоҳнинг марҳаматига эҳтиёжи энг катта оила семиз қўчқор сотиб олиб, қурбонликка сўяди. Гўштнинг учдан бирини у ўзига қолдириши мумкин, қолганини эса мискинларга тарқатиши керак. Оқсоқоллар худойига атаб пиширилган шўрвадан ичиб, дуо қилиб кетадилар.
Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона»
Андрей Кудряшов