«Бировнинг боғига тош отиш», яъни кимнидир танқид қилишга оид нақл бор. Лекин Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалар ушбу иборадаги тош маъносининг «маъжозий» эмаслигини кўрсатиб қўйди. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Сўҳ тумани аҳолиси билан учрашувда маҳаллий аҳоли томонидан ҳужумга учради. Ҳокимбувага тошлар ёғилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан жаҳли чиққан одамларнинг ҳоким ортидан чопгани, ушбу ташриф унга теккан тошдан ҳам кўпроқ мусибат келтириши мумкинлиги кўриш мумкин. Яхшиямки, бош омон қолди…
Ғаниев атрофи Қирғизистон билан ўралган Сўх анклавига бу ерда бўлиб ўтган жанжалнинг тагига етиш учун келганди. Маълумки, икки республика фуқаролари бу ердаги булоқни тозалаш ишлари кетидан жанжаллашиб кетганди. Чегаранинг икки томонидаги одамлар бир-бирига тошлар отиб, бир неча уйларни ёқиб юборишди. Ҳар икки томондан жабрланган 200 дан ортиқ одам тиббий ёрдамга мурожаат қилди. Лекин Фарғона вилояти ҳокими ўз одамлари ёнини олишнинг ўрнига, уларга нисбатан қаттиқ позицияда бўлди.
Сўх аҳолиси билан бўлган учрашувнинг кимдир томонидан ёзиб олинган аудиоёзувидан Ғаниев овозига ўхшаш кишининг одамларга пўписа оҳангида гапиргани эшитилади: у туманга қуролланган одамларни юбориб, қирғизлар билан жанжаллашганларни Фарғонага олиб бориб қамаш таҳдидини қилади. «Жанжалкаш аҳолини Сўх тумани картасидан ўчириб ташлаш», «барча таъминотлар бас қилинади, тушунарлими ё йўқми?» каби жумлалар дўқ-пўписанинг энг юқори оҳангида янграганди. Ғаниев маҳаллий аҳолини таҳқирлайди ҳам, уларни «Сўхликлар ношукр одамлар» сарлавҳаси остида газетада мақола бериш билан қўрқитади. Бир сўз билан айтганда, Ғаниев ўзини ҳар қандай вазиятда одамларни сўкадиган, таҳқирлайдиган, ерга урадиган золим ҳукмдор эканини яна бир бор исботлади (бироқ унинг бундай «фазилатлари» «Ватанга хизмат» ордени билан тақдирланишига моънелик қилмади).
Сўхликлар амалдорларга дардини мақола, телеграмма орқали етказиганлардан эмас, содда ва дангал одамлар экани билиниб қолди. Албатта, орқадан отилган тош бу масаланинг ечими эмас, лекин одамни хушламасликларини унга яна қай усулда етказиш мумкин, тош ишлатмай?!
Сўхликларнинг Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувида одамлар томонидан Фарғона вилояти раҳбарини ўзгартириш масаласи ўртага ташланди. Одамлар ҳукумат бошлиғидан тўғридан-тўғри Ғаниевни ишдан олиб ташлашни сўрадилар. Энди тўп республика раҳбарияти томонига ўтган ва у пас қилиши керак, яъни имконият ё ҳокимга берилади ёки кичкина анклав одамларига.