Мирзиёев Миллий гвардиянинг маҳаллаларда ҳам хизмат ўташига доир топшириқ берди

Мирзиёев ҳар бир маҳаллага масъул раҳбарлардан ҳисоб сўрашини айтди. Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миллий гвардия вазифалари қаторига маҳаллалардаги жиноятларни олдини олиш, одамлар гавжум жойларда хизмат қилиш ишларини киритди. Бу ҳақда маҳалла ва оила масалаларига бағишланган мажлисда айтиб ўтилди.

Эндиликда маҳалладаги вазиятга профилактика инспектори билан бирга Миллий гвардия ҳам бирдек жавоб беради. Шу боис Миллий гвардиянинг ҳуқуқбузарларни аниқлаш, ушлаш, уларга чора кўриш ваколатларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга бу борада ташкилий-ҳуқуқий чораларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

«Вазир ва унинг ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари амалий ишлар ва натижадорликка ўтиши керак. Бунинг учун барча ресурс, ваколат ва шароит қилиб берилди. Бундан кейин масъуллардан маҳаллабай аниқ натижа сўралади», – деган давлат раҳбари.

2019 йили Ўзбекистонда аввалги йилга нисбатан деярли уч мингга кам жиноятчилик содир этилган, лекин шунга қарамасдан 20 фоиз маҳаллаларда жиноятчилик кўпайган.

Президент одамлар тинч-тотув яшаши учун ҳар бир маҳалланинг “қулф-калити” бўлиши кераклигини таъкидлади.

Мажлисда криминоген вазият оғир маҳаллаларда алоҳида чора-тадбирлар амалга ошириш, керак бўлса, маҳаллий бюджетдан қўшимча маблағ, куч ва воситалар жалб этиш бўйича топшириқ берилган.

Жиноятчиликнинг камайиши, уларни фош этиш ортиб борилаётгани ҳуқуқ-тартибот органларида ўтказилган ислоҳотлар билан боғланди. Жумладан, ИИВ маъмуриятининг қисқартирилиши, жойларда қуйи рангдаги ходимлар сонининг кўпайтирилиши, видеокузатув камераларининг ўрнатилиши жиноятчиликни камайишига сабаб бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?

  • Кузатувчилар ва экспертлар — Қозоғистондаги янги парламент — Қурултойга илк сайловлар ҳақида

  • Нима учун робототехника тараққиёти инсониятга хавф солиши мумкинлиги ҳақида