Туркманистонда мамлакат аҳолисига маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан COVID-19 эвфемизмоми сифатида тақдим этилаётган зарарли чангдан сақланиш мақсадида 1 ва 2 август кунлари нишонланадиган Қурбон ҳайити байрами кунларини уйларида, оила давласида ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу тавсия 27 июль куни TDH ҳамда бошқа расмий оммавий ахборот воситаларида чоп этилди.
«Шу кунларда, ҳавода соғлиқ учун зарарли бўлган чанг зарралари миқдори кўтарилиб кетгани боис тиббий ниқоблардан фойдаланишни, 2 метрлик хавфсиз масофага риоя қилишни, шунингдек, Қурбонлик ҳайити байрами кунлари ўтказиладиган оммавий тадбирларни чеклаган ҳолда, уйда нишонлашни тавсия этамиз», — дейилади хабарда.
Туркманистонга ташриф буюрган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миссияси ҳукуматга бу ҳолатда мамлакат ҳудудида коронавирус инфекцияси билан зарарланиш ҳолатлари аниқланган каби ҳаракат қилишга тавсия қилди.
Туркманистон пандемия билан ҳатто метеорология маълумотларида ҳам қиёсланишини истамаяпти. Республика ташқи ишлар вазирлиги «Мир» телекаридокомпаниясининг Тожикистонда яқин кунлар ичида кутилаётган жазирама иссиқ ҳавонинг сабаби Эрондан Туркманистон орқали кириб келаётган иссиқ ҳавонинг оқиб келишида, деган хабарига 27 июль куни ўз раддиясини берди.
Ташқи ишлар вазирлиги мухбир Азамат Зияевни «профессионал жиҳатдан саводсизларча тайёрланган» репортаж ва «сиёсий калтабинликда» айблади. Шу билан бирга дипломатлар вируслар узоқ вақт давомида ҳаводаги аэрозоль томчиларида сақланиб қолиши мумкинлигини кўрсатувчи илмий тадқиқотларга таяндилар.
«Ҳаво массаларининг мамлакат ҳудудидан ёки мамлакат ҳудуди орқали оқиб ўтиши ҳақидаги ҳар қандай хабарда мамлакатнинг муайян номи ҳақида сўз юритиладиган бўлса, хавфли инфекцияларни бошқа мамлакатларга олиб бориши мумкинлиги тўғрисидаги шубҳаларни келтириб чиқириши мумкин», — дея таъкидлаб ўтдилар Туркманистон ташқи ишлар вазирлигининг мутасаддилари ҳамда «халқаро амалиётда шаклланган сиёсий ахлоқ меъёрларининг бузилишига йўл қўйиб бўлмаслигига» ишора қилиб ўтдилар.
Туркманистон оммавий ахборот воситалари коронавируснинг тарқалишига қарши кураш бўйича чоралар тарғиботини асослай туриб, чангдан ташқари бошқа сабабларни ҳам аниқлаяптилар. Мисол учун, «Бетараф Туркманистон» («Нейтральный Туркменистан») нашри фуқароларни ошқозон-ичак инфекцияларидан сақланиш учун қўлларни совунлаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш ҳамда ижтимоий масофага риоя қилишга чақирмоқда.