Украинадаги жанговар ҳаракатлар ҳудудидан тўққиз нафар қозоғистонлик олиб чиқилди

Россияга пул ишлаш учун борганидан сўнг Украинадаги урушга жалб этилган тўққиз нафар Қозоғистон фуқароси жанговар ҳаракатлар ҳудудидан олиб чиқилди. Бу ҳақда Ulysmedia.kz нашрига эркакларнинг яқинларига уларни ватанга қайтаришда ёрдам бераётган ҳуқуқшунос Мейрман Шекеев маълум қилди.

Дастлаб Шекеев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жанговар ҳаракатлар ҳудудидан олиб чиқилиб, Воронежга етказилган етти нафар қозоғистонлик ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик Ulysmedia.kz мухбири билан суҳбатда у ҳозирда гап тўққиз нафар қозоғистонлик ҳақида кетаётганини айтган. Улар қачон ватанга қайтиши ҳозирча номаълум. Шекеевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон дипломатлари Россия томони билан музокараларни давом эттирмоқда, ҳуқуқшуноснинг ўзи эса эркакларнинг яқинлари билан алоқада бўлиб турибди.

Шекеев Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг фаолиятига ижобий баҳо бериб, идора фуқароларни ватанга қайтариш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади.

Россияга пул ишлаш учун кетган, бироқ охир-оқибат урушга жалб этилган қозоғистонликлар гуруҳи ҳақида шу ойнинг бошида маълум бўлган эди. Эркаклар бир нечта видео мурожаат ёзиб олишган, 7 октябрь куни эса уларнинг оилалари яқинларини имкон қадар тезроқ уйга қайтаришни сўраб, Остонадаги Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдига боришган.

Эркакларнинг айтишича, улар Россияга қўриқлаш агентликлари, гўшт комбинатлари ва паррандачилик фабрикаларида ишлаш учун келишган. Бироқ, уларга оддий меҳнат шартномалари ўрнига Қуролли кучларда хизмат қилиш бўйича шартномаларни имзолаш таклиф қилинган.

Дастлаб улар бирга бўлган гуруҳда 15 нафар қозоғистонлик бўлган. Кейинчалик ёшлар гуруҳда тўққиз-ўн киши қолганини, қолганлари эса Украинадаги жанговар ҳаракатлар ҳудудига юборилганини маълум қилишган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ Россия томони билан музокаралар олиб борилаётганини ва ватанга қайтарилиши керак бўлган фуқаролар рўйхати шакллантирилаётганини маълум қилган эди.