Афғонистоннинг электр энергияси борасида Тожикистон ва Ўзбекистондан қарзи 100 миллион доллардан ошди

TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистон Тожикистон ва Ўзбекистондан мамлакатга етказиб берилаётган электр энергияси учун 100 миллион доллардан ортиқ қарздор. Бу ҳақда TOLOnews телеканали Энергетика ва сув хўжалиги вазирлигига таяниб хабар берди.

Шу билан бирга, телеканал хабарига кўра, вазирлик вакили Ахтар Муҳаммад Нусрат (Akhtar Mohammad Nusrat) афғон томони тўлашга тайёрлигини, бироқ Марказий Осиё мамлакатлари банкларида ҳозирда пул ўтказишда муаммолар борлигини таъкидлади.

«… Биз тўламоқчимиз, лекин муаммо банкларда», — деди Ахтар Муҳаммад Нусрат.

TOLOnews таъкидлашича, Афғонистон энергетика компанияси Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) собиқ раҳбари Омонулла Ғолиб Афғонистон Марказий Осиё давлатларига электр энергиясини сотиб олиш учун йилига 300 миллион доллар тўлаётганини айтди.

«Афғонистон электр энергиясининг катта қисмини Ўзбекистондан сотиб олади. Бу йилига 108 миллион долларга яқин. Энди муаммо ҳисоб-китобларни тўлашда», — деди у ва Россиянинг Украина ҳудудидаги махсус ҳарбий амалиёти қўшни давлатлар учун банк жараёнини мураккаблаштирганини қўшимча қилди (аммо бу «мураккаблик» айнан нима эканлигини аниқламаган ҳолда).

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Барки тожик» ОАЖ раҳбари Маҳмадумар Асозода DABS Тожикистондан электр энергияси учун 33 миллион доллар қарздор эканлигини маълум қилган эди.

Унга кўра, афғон компанияси раҳбарияти февраль ойида Тожикистон билан ҳисоб-китоб қилишга ваъда берган.

Асозода февраль ойида қарз 27 миллион долларгача камайганини айтди — афғон компанияси январда 2 миллион доллар, февралда эса 4 миллион доллар тўлаган.

Афғонистон электр энергиясининг 80 фоиздан ортиғини қўшни давлатлардан импорт қилади ва бу давлатлар электр энергиясини узиб қўйса, ўн миллиондан ортиқ афғон хонадонларида чироқ ўчади, дейди экспертлар.

«Барки Тожик» раҳбари асосий муаммони юзага келган Афғонистон банк тизимидаги оғир вазият билан боғлади. Унинг таъкидлашича, айни дамда афғон банклари DABSга тожик электр энергиясига тўловлар учун ҳафтасига атиги 2 миллион доллар бериши мумкин.

Шунингдек, у Тожикистон электр энергияси Афғонистонга куз-қиш мавсумида кичик ҳажмларда – кунига 40 мегаватт-соат етказиб берилаётганини, баҳор-ёз даврида (май-сентябрь) етказиб бериш 400 мегаватт-соатга етказилишини таъкидлади.

Ўтган йил декабрь ойи охирида «Барки Тожик» ва DABS 2008 йилда Афғонистонга Тожикистон электр энергиясини 2028 йилгача етказиб бериш бўйича тузилган келишув протоколини имзолаган эди.

Юқоридаги ҳажмлардан ташқари, протоколда DABS Тожикистон электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соати учун 4,67 сент тўлаши қайд этилган.

«Барки Тожик» маълумотларига кўра, Тожикистон 2021 йили Афғонистонга 635,9 миллион сомоний (56,3 миллион доллар) миқдорида электр энергияси экспорт қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ