Ўзбекистонда йил бошидан буён 882 туп қимматбаҳо дарахт кесилган

repost.uz сайти фотосурати

2022 йилнинг олти ойида Ўзбекистонда 2300 та, жумладан, 882 та қимматбаҳо дарахт турларини ноқонуний кесиш фактлари аниқланган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддиларига таяниб, Республика президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг ўтган 6 ойида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2300 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 3,4 миллирд сўм маъмурий жарима ва 4,3 миллиард сўм зарар суммалари белгиланган. 2022 йилнинг 6 ойида жами 882 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган бўлиб, 2021 йилга (1922 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган) нисбатан 55 фоизга камайган.

Жами 25395 нафар экология қонунчилиги талабларини бузган шахс аниқланган. Уларга нисбатан 20,9 миллиард сўм (1,91 миллион доллар) миқдорида маъмурий жарима қўлланилган, шундан 11,4 миллиард сўми (1,04 миллион доллар) ундирилган.

Шу билан бирга, «Яшил макон» миллий лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб 125 миллион 30 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ва қаламчалари экиш режалаштирилгани таъкидланди. Амалда эса 129 миллион 608 минг туп кўчат экилган.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2027 йилгача бутун Ўзбекистон бўйлаб бир миллиард дарахт экилади. Шу йўл билан расмийлар 2009 йилда бошланган дарахтларнинг оммавий кесилиши билан кучайган яшил майдонлар етишмовчилигини қоплашни режалаштирмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил ноябрь ойида дарахтлар кесилишига мораторий жорий қилганди. Шунга қарамай, кўплаб дарахтларни кесиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Қоидабузарлар жиноий жавобгарликка тортилмоқда ва пул жарималари билан жазоланмоқда, аммо бундай чоралар ҳар доим ҳам ўз самарасини бермаяпти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ