Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорликда ипак кластери ва заргарлик фабрикасини ташкил этади

Микаил Жаббаров ва Жамшид Хўжаев. ИТСВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорликда ипак кластери ва заргарлик фабрикасини ташкил этишга келишиб олди. Лойиҳалар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг (ҲК) 11-йиғилишида муҳокама қилинди. Йиғилиш 1 август куни Тошкентда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов раислигида бўлиб ўтди, деб хабар қилди ИТСВ матбуот хизмати.

Озарбайжоннинг Барда шаҳри яқинидаги олтита туманда кластер ипак ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Тошкентда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очилади.

ҲК йиғилишида муҳокама қилинган бошқа мавзулар:

👉 Евлах пилот агропарки ва Агдам саноат паркида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш;

👉 кимё саноати, энергетика ва нефть-газ саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш;

👉 Транскаспий йўналиши бўйича икки томонлама ва транзит юклар ташиш ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

👉 жорий йилнинг июн ойида энг юқори даражада имзоланган халқаро автомобил транспорти шартномаси доирасида ишларни жадаллаштириш;

👉 ўзаро туристлар оқимини ошириш.

Томонлар ноябрь ойида биринчи Ҳудудлар форумини ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг турли вилоятлари миллий ишлаб чиқарувчилари кўргазмасини ташкил этишга келишиб олдилар. Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг йиллик мажлислари бўлиб ўтади.

Озарбайжон президентининг июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция фонди бўйича «Йўл харитаси»ни имкон қадар тезроқ қабул қилиш режалаштирилмоқда. Илҳом Алиевнинг Тошкентга келиши арафасида икки давлат ишбилармонлари нефьт-газ саноати, кимё саноати, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган 87 та қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув ва савдо шартномаларини имзоладилар.

ИТСВ маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони тўрт баробарга ошган ва 243 тани ташкил қилган. Ўз навбатида Озарбайжонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 70 та корхона фаолият юритмоқда. Эслатиб ўтамиз, июн ойида ИТСВ Озарбайжон капитали иштирокидаги 238 та ва Ўзбекистон капитали иштирокидаги 53 та корхона ҳақида ҳисобот берган эди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб етти баробарга ўсган – 2016 йилдаги 17,1 миллион доллардан 2021 йилда 118,8 миллион долларга етган. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришга келишиб олдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ