Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий контингентлари Россия шарқидаги кенг кўламли машғулотларда иштирок этади. Бу ҳақда РФ Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«1 дан 7 сентябргача «Восток-2022» доирасида Стратегик қўмондонлик ва штаб ўқув машғулотлари (СҚШМ) бўлиб ўтади, унда Шарқий ҳарбий округи масъулият зонасида Россия ва унинг иттифоқчилари ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган», — дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, «Восток-2022» машғулотлари Шарқий ҳарбий округнинг етти полигонида – Бурдуний, Горячие Ключи, Княз-Волконский, Лагунное, Сергеевский, Телемба, Успеновский, шунингдек, Охота ва Япония денгизларининг сувлари ва қирғоқ зоналарида мудофаа ва ҳужум ҳаракатларини такомиллаштиришга йўналтирилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, машғулотларга 50 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, 5 мингдан ортиқ қурол-яроғ ва ҳарбий техника, шу жумладан, 140 та самолёт, 60 та ҳарбий кема, катер ва ёрдамчи кемалар жалб этилади.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, қўшинларнинг коалиция гуруҳлари таркибида маневрлар давомида қўшма ҳаракатлар Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар қўмондонлик ва назорат органларининг тезкор гуруҳлари, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа ҳамкор давлатлар жумладан Озарбайжон, Жазоир, Арманистон, Беларус, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Лаос, Никарагуа, Сурия ва Тожикистон ҳарбий контингентлари ва кузатувчилари томонидан ишлаб чиқилади.
Япония денгизи сувларида Тинч океан флоти ва Хитой денгиз кучлари гуруҳлари томонидан денгиз йўллари ва денгиз хўжалик фаолияти ҳудудларини ҳимоя қилиш, қирғоқ йўналишида қуруқликдаги кучларга ёрдам бериш бўйича қўшма амалий ҳаракатлар амалга оширилади.
«СҚШМ вазифалари: Шарқий йўналишда ва Узоқ Шарқ денгиз зонасида тажовузни қайтаришда қўшинларнинг турлараро ва коалиция гуруҳларини бошқариш бўйича қўмондонлар ва штабларнинг малакасини ошириш, коалиция пайтида мувофиқлик ва ўзаро таъсир даражасини оширишдан иборат. Қўшинлар гуруҳлари Шарқий минтақада тинчликни сақлаш, манфаатларни ҳимоя қилиш ва ҳарбий хавфсизликни таъминлаш бўйича биргаликдаги вазифаларни ҳал қилади», — дейилади Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Маневрлар давомида қирғоқбўйи ҳудудларида операцияларни режалаштиришни ташкил этиш, ҳарбий ҳаракатлар жараёнида қўшинлар гуруҳларини ҳар томонлама таъминлаш ва назорат қилиш бўйича ҳарбий қўмондонлик ва назорат органларининг тайёргарлик даражаси ҳам синовдан ўтказилади.