Ҳуқуқ фаоллари Эрдўғондан Туркманистон фуқаролари учун визасиз режимни қайтаришни сўрадилар

Ражаб Тоййип Эрдўғон. tccb.gov.tr сайти фотосурати

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга Туркманистон фуқаролари учун визасиз режимни қайтариш талаби билан очиқ мурожаат эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Анқара Туркманистон илтимосига кўра ушбу давлат фуқаролари учун кириш визаларини бекор қилганди. Шу тариқа, Туркия Вазирлар кенгашининг 2007 йил 19 июлдаги қарори бекор қилинди, унга кўра оддий паспортга эга Туркманистон фуқаролари Туркияда 30 кунгача туристик мақсадларда визасиз қолишлари мумкин эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўз мурожаатларида визасиз режимнинг бекор қилинишини «Туркманистон фуқароларининг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини камситиш» ва Туркия Республикасининг ташқи сиёсатидаги муҳим саналган «турк халқларининг очиқлиги ва бирлашув тамойиллари»нинг бузилиши сифатида изоҳладилар.

«Аслида Туркманистон Туркия ҳисобидан юз минглаб туркман фуқароларини мамлакатдан чиқиб кетишни тақиқлашга қарор қилиб, Туркия Республикасини ўз фуқароларига нисбатан репрессив сиёсатига жалб қилди», — дейди ҳуқуқ фаоллари.

«Туркманистон президентларининг иқтисодни саводсиз бошқариши, уларнинг чексиз бойиб кетиши ва улкан коррупцияси чуқур иқтисодий инқирозга ва Туркманистон бутун аҳолисининг оммавий қашшоқлашишига олиб келди. Жаҳон миқёсида улкан углеводород ресурсларига эга мамлакат шаҳарларида ўртача иш ҳақи бор-йўғи 70 доллар, ўртача пенсия эса 27 долларни ташкил қилади. Мамлакатда, айниқса, қишлоқ жойларида ишсизлик катта ва бу даволаб бўлмайдиган дардга айланди. Бу шундоқ ҳам рекорд даражада паст бўлган Туркманистон аҳолисининг турмуш даражасининг янада пасайишига олиб келади. Очлик кам таъминланган Туркманистон фуқароларининг тобора кўпроқ қатламини қамраб олмоқда», — дейилади мурожаатда.

«Туркманистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти тирик қолиш ва оилаларини боқиш учун Туркияга бориб ишлашни афзал кўришган. Туркия туркманлар учун қардош мамлакат, халқларимизни нафақат тил ва менталитетнинг яқинлиги, балки муштарак тарихий илдизлар ҳам бирлаштиради. Туркманистондаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви Туркияга меҳнат миграцияси оқимининг юқори даражада бўлишини белгилаб беради», — дея тушунтиради ҳуқуқ ҳимоячилари ўз баёнотида.

Қайд этилишича, айни пайтда Туркияда 230 мингга яқин қонуний истиқомат қилаётган туркманлар бор. Туркманистондан меҳнатга лаёқатли аҳолининг чиқиб кетишини тўхтатиш учун расмийлар турли чоралар кўришмоқда, мамлакатдан чиқиб кетишни суддан ташқари чеклаш ва Ашхобод аэропортида рўйхатдан ўтгандан сўнг одамларнинг Туркияга парвозини тўхтатиш, шулар жумласидан.

Туркманистон фуқароларининг ўз мамлакатидан ташқарига чиқишига қўшимча чеклов Туркия томонидан визалар жорий этилгани бўлди.

Шу муносабат билан ҳуқуқ фаоллари Эрдўғандан Туркманистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилишни сўрашган, чунки туркман халқи «бошқа халқларга нисбатан камситишларга лойиқ эмас».

Мурожаат Нидерландия ва Болгарияда яшовчи туркман фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан имзоланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ