Қозоғистон илк бор Каспий денгизидаги Туркманистон билан давлат чегараси чизиғини белгилайди

Каспий денгизининг туркман қирғоғи. Wikipedia.org сайтининг Doron фойдаланувчиси архив фотосурати

Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) Туркманистон билан Қозоғистон-Туркманистон давлат чегарасини делимитация қилиш ва Каспий денгизидаги балиқ овлаш зоналарининг туташ участкаларини белгилаб олиш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни маъқуллади, деб ёзади Zakon.kz.

Ҳужжатни Ташқи ишлар вазири, Бош вазир ўринбосари Мухтор Тлеуберди тақдим этар экан, ҳужжат 2021 йил октябрь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Туркманистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан имзоланганини айтди.

«Келишувга мувофиқ томонлар Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида Каспий денгизи бўйлаб давлат чегараси чизиғидан ўтиш, ҳудудий сувларни делимитация қилиш ва балиқ овлаш зоналарининг туташ участкалари чегараларини белгилади», — деди Тлеуберди.

Унинг қўшимча қилишича, келишувнинг ратификация қилиниши ва кейинчалик кучга кириши Қозоғистоннинг жанубий чегараларида давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунлаш имконини беради. ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, келишув тарихда қирғоқбўйи давлатлари ўртасида Каспий денгизидаги давлат чегараларини қонуний равишда белгиловчи биринчи ҳужжат бўлади.

Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги келишув Мажилис томонидан маъқуллангач, Қозоғистон Сенатига (парламент юқори палатаси) кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Туркманистон томони ушбу шартномани 2022 йил 17 апрелда ратификация қилган. Сентябрь ойи охирида маҳаллий ОАВ Туркманистоннинг амалдаги президенти Сердар Бердимуҳамедов Қозоғистонга давлат ташрифи билан бориши ҳақида хабар берганди. Унинг аниқ саналари айтилмаган, аммо ташриф «яқин орада» бўлиб ўтиши кўрсатилган.