«Ўзбекистон темир йўллари» Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлининг оператори ўзгаргани тўғрисидаги хабарларни рад этди

Афғонистон темир йўллари бошқармаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси вакиллари учрашуви. «Ўзбекистон темир йўллари» сайти фотосурати

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Афғонистон шимолидаги Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли оператори Ўзбекистон эмас, балки Қозоғистон компанияси бўлиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этди. Тегишли хабар темир йўл компанияси сайтида пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 5 декабрь куни Афғонистон телеканали мамлакат темир йўллари бошқармаси бошлиғи Бахт-Раҳмон Шарофатнинг баёнотига таяниб, ушбу темир йўл бошқаруви «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига тегишли бўлган «Сўғдиёна-Транс» компаниясидан Қозоғистоннинг Mansour Fatih компаниясига ўтгани ҳақида хабар берганди.

«Жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Афғонистон темир йўл бошқармаси вакиллари ўртасида 2023 йилга мўлжалланган «Ҳайратон – Мозори-Шариф» темир йўл участкасидан фойдаланиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди…Музокаралар якунида Афғонистон ҳудудидаги темир йўлларга хизмат кўрсатиш (эксплуатация)да иштирок этиш учун афғонистонлик маҳаллий техник ходимларини босқичма-босқич жалб қилиш бўйича амалдаги шартномани узайтириш ва йўл харитасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди»,— дейилади хабарда.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ