Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг таъкидлашича, вазирлик ўқитувчидан рус тилида дарс ўтишини сўраган мактаб ўқувчисининг калтаклангани билан боғлиқ ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилган. Воқеа асосланган тақдирда, РФ болага нисбатан зўравонлик қилган шахсга нисбатан чора кўришни талаб қилади, дейилади ТИВ сайтида.
Захарова икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда, айниқса, тил нуқтаи назаридан адоватга ўрин бўлмаслиги кераклигини таъкидлайди.
«Изчил чора-тадбирлар кўрилмоғи лозим, жумладан кўп асрлар давомида рус тилидан фойдаланиш муносабатларимизнинг маданий-маърифий, илмий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларига ижобий таъсир кўрсатганини жамоатчиликка эслатиш зарур», — дея қўшимча қилади Россия ТИВ вакили.
Бир неча кун аввал интернетда мактаб ўқитувчисининг ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Ўқитувчи аёл болани қўполлик билан доскага судраб келади, сўнг юзига шапалоқ туширади ва бола бошини бир неча бор доскага уради.
Кўп ўтмай, жабрланган ўқувчининг онаси ижтимоий тармоқларда можаро сабаблари ҳақида ёзган. Ҳозирда бу пост ўчирилган, бироқ баъзи Телеграм каналлари унинг мазмунини ёйишга муваффақ бўлган. Онанинг сўзларига кўра, олтинчи синфда ўтилаятган рус тили дарсида бола ўқитувчидан дарсни ўзбек тилида эмас, рус тилида олиб боришини илтимос қилган. Бу гап ўқитувчининг жаҳлини чиқарган. Мактабдаги вазиятни таҳлил қилиш жараёнида ўқитувчи «Ўзбекистон ўзбеклар учун, қолганлари кетсин», дея айбини тан олмаган ва афсусланмаган.
Мактаб ўқувчисининг онаси республика болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага мурожаат қилиб, болага нисбатан тазйиқлар давом этаётганини айтган. Шундай қилиб, синф раҳбари боланинг гапларига қулоқ солмай, ўқувчилар олдида уни калтаклаган ўқитувчидан кечирим сўрашга мажбур қилган. Онанинг сўзларига кўра, шу сабаб ўғли депрессия ҳолатига тушиб қолган ва мактабга боришдан бош тортган.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси ушбу ҳодисага муносабат билдирди. Уларнинг аниқлик киритишларича, видеога олинган можаро 23 сентябрь куни пойтахтнинг Чилонзор туманидаги 188-мактабда 6 «Б» синфида рус тили дарси вақтида юз берган. Расмийлар ҳеч қандай тиббий кўрик маълумотларига асосланмаган ҳолда, боланинг жабрланмагани ва унинг аҳволи қониқарли эканини маълум қилишган. Боланинг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган ва улар ушбу факт юзасидан текширув бошлаган.
Таълим бошқармасининг қўшимча қилишича, ўқитувчи синов муддатида бўлган ва бу унинг биринчи иш куни бўлган. Ўқитувчини ишга олиш ҳақидаги буйруқ ҳали имзоланмаган. Ўқитувчининг ишдан четлатилгани ёки тергов жараёнида ҳам дарс бераётгани ҳозирча номаълум.