Туркманистонлик журналист Солтан Очилова ва унинг оила аъзолари шифохонадан қўйиб юборилди

Солтан Ачилова касалхонада. hronikatm.com сайти фотосурати

20 ноябрь куни мажбуран касалхонага ётқизилган туркман журналисти Солтан Очилова ва унинг яқинлари уйларига кетиши учун шифохонадан қўйиб юборилган. Беморлар 25 ноябрь куни куннинг иккинчи ярмида чиқариб юборилди, дея аниқлик киритади «Хроника Туркменистана» нашри.

Нашрнинг ёзишича, шифокорлар Очиловага ҳам, унинг оила аъзоларига ҳам ташхис қўйишмаган, шунингдек, уларга анализ натижалари ҳақида маълумот беришмаган. Бундан ташқари, юқумли касалликлар белгилари ёки аломатлари йўқлигига қарамай, журналист квартираси мажбурий равишда дезинфекция қилинган.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Очилованинг асоссиз касалхонага ётқизилишидан битта мақсад кўзланган — туркманистонлик фаолни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро мукофотни топшириш маросимида иштирок этиши учун Швейцарияга боришига йўл қўймаслик.

20 ноябрь куни 75 ёшли Очилова қизи билан Женевага учишни режалаштирган. Аммо эрталаб соат 6:30 да, жўнаб кетишидан бир неча соат олдин журналистнинг уйига тиббий халат ва ниқоб кийган тўрт киши кириб келган. Улар юқумли касаллик борлигига шубҳа билдиришган ва аёлдан шошилинч касалхонага ётишини талаб қилишган. Очилова квартирасининг калитлари олиб қўйилган ва ташриф буюрганлардан бири унга «нариги дунёда» калит керак бўлмаслигини айтган.

Кейинчалик маълум бўлишича, бир кун олдин шифохона раҳбариятига бир нечта палаталарни бўшатиш бўйича кўрсатма берилган, бу «операция»нинг олдиндан режалаштирилганидан далолат беради. Очиловани аэропортга олиб бориш учун келган қизи ва куёви ҳам журналист билан алоқага бўлгани учун текширувдан ўтказилган.

Бу фаолнинг республикадан чиқарилмаганига оид биринчи ҳолат эмас. Ўтган йил ноябрь ойида унинг паспорти аэропортда атайлаб шикастланган ва бу унинг учишига рухсат берилмаган.

Туркманистон расмийлари халқаро ташкилотлар аралашувидан кейингина Очилова ва унинг қизига янги ҳужжатлар берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ