Қозоғистон Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Қозоғистон юк машиналарининг мамлакатга кириши ва ўз ҳудуди орқали транзити учун 300 доллар йиғим жорий қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда вазирлик баёнотида сўз юритилади.
«Қозоғистон Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида 2007 йили имзоланган халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги келишувга мувофиқ, томонлар ташувчилари йиғим ва тўловлардан ўзаро озод қилинган, пуллик йўллар йиғимлари бундан мустасно», — деб таъкидлайди Транспорт вазирлиги.
Ҳозирда ижтимоий тармоқларда янги тўловлар ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқда. Фойдаланувчилар lex.uz норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилги давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга ишора қилишмоқда. Унда жорий йили амалда бўладиган хорижий юк автомобилларининг мамлакатга кириши ва транзити учун тўловлар белгиланган. Қозоғистонга нисбатан кўрсатилган ставка ҳақиқатан ҳам 300 долларни ташкил этади (бу аввалги йиллар бюджетларида ҳам кўрсатилган). Бироқ, мазкур ҳужжатда: «Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқа қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади», дейилган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳудудида қозоғистонлик ташувчилардан йиғим ундирилмайди.
Қозоғистон парламенти аъзоси Болатбек Алиев Транспорт вазирлигининг тушунтириши олдидан Ўзбекистонга маҳаллий юк машиналари учун тўлов олиниши ҳақидаги миш-мишларга жуда эмоционал муносабат билдирган. У Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) саҳифасида икки давлат ўртасидаги транзит муносабатларидаги «аниқ номутаносиблик»дан шикоят қилиб, Ўзбекистоннинг Қозоғистон орқали ташувлари қарши томон транзитидан ўн баробар кўп эканини таъкидлаган. «Биз учун Ўзбекистон моҳиятан транзит салоҳияти бўйича автомобиль ташувчилар учун боши берк кўчага айланган мамлакатдир. Ўзбекистон учун Қозоғистон эса — ҳаёт йўлидир», — деб таъкидлаган депутат ва ҳукуматни Евро-4 стандартига мос келмайдиган юк машиналари учун оширилган тарифларни қўллашга чақирган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев декабрь ойи охирида 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу ҳужжатда, аввал хабар қилинганидек, республика ҳукумати туркман ташувчилардан олинадиган тўловларни икки бараварга оширган.