Ўзбекистон Россиядан миграция текширувлари ва рейдлари пайтида ўз фуқаролари, жумладан, миграция қонунларини бузганларнинг ҳуқуқларини поймол қилмасликни талаб қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
26 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов билан учрашди. Музокараларнинг асосий мавзуси Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлди. Россия ўлкаларида ишлаётган Ўзбекистон бош консуллари муҳокамада иштирок этишди, бу эса жойлардаги реал вазиятни инобатга олиш имконини берди. Учрашувда Россияни элчихонанинг консуллик бўлими раҳбарлари, миграция мутахассислари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари тақдим этишди.
«Ўзбекистон томони миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган жараёнда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг – ҳам қонунга риоя қилаётган, ҳам миграция қонунини бузган фуқароларнинг – ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади», — дейилади ТИВ хабарида.
Учрашув якунида томонлар миграция жараёнларини соддалаштириш ва Россиядаги ўзбекистонликларнинг қонуний фаолияти учун қулай шароитлар яратиш мақсадида прагматизм ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотни ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Мамлакатлар ҳамкорликни яхшилаш учун мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиб туришга келишиб олдилар.
ℹ️ Россияда содир бўлган бир қатор нохуш воқеалардан сўнг, ўзбекистонлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи айниқса долзарб бўлиб қолди. Масалан, 2025 йил июнь ойида Ўзбекистон расмийлари Москванинг Сокольники туманида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган рейддан хавотир билдирдилар, ОАВ хабарлари ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, у ерда мигрантларга нисбатан жисмоний куч ишлатилган. Ётоқхонадаги ишчи мигрантлар ҳужжатларини текшириш пайтида Росгвардия ходимлари барчани хоналаридан судраб чиқишган, секин ҳаракат қилганларни тепиб, ҳақорат қилишган. Натижада, миграция қоидаларини бузганлиги учун беш-олти киши ҳибсга олинган ва Россиядан депортация қилинган.
Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги айрим ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан чет элликларга қўпол муносабатда бўлганлик воқеалари афсусланарли ва хавотирли ҳолат эканини таъкидлаганди. Агентлик бундай ҳодисалар мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга зид эканини ва уларнинг олдини олиш учун аниқ чоралар кўрилишини талаб қилганди.
Россияда марказий осиёлик мигрантлар аҳволи 2024 йил март ойида «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактдан сўнг анчагина ёмонлашди. Маълумки, ўшанда теракт оқибатида 140 дан ортиқ одам қурбон бўлганди. Ҳужумда гумон қилинганлар Тожикистон фуқаролари бўлган. Шундан сўнг, хавфсизлик кучлари хосетллар, ётоқхоналар ва чет элликлар тўпланадиган бошқа жойларга рейдларни кучайтирди ва депортация қилинганлар сони кескин ошди.
2024 йил ёзида Россия парламенти депутатлари миграция қонунчилигига катта ўзгартиришлар киритувчи пакетни қабул қилишди. Полицияга чет элликларни назорат қилиш учун катта ваколатлар берилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари энди суд қарорисиз мигрантларни 48 соат ушлаб туриши ва депортация қарорини қабул қилиши мумкин.
2025 йил 5 февралда «депортация режими» ва назорат остидаги шахслар реестри ишга туширилди. Ушбу реестрга киритилган чет элликлар Россиядан чиқариб юборилиши мумкин ва уларга кўчмас мулк ва автомобиль сотиб олиш, турмуш қуриш ёки банк ҳисоб рақамларини очиш тақиқланади.
2025 йил ноябрь ойида Россия Ички ишлар вазирлиги тахминан 160 000 Ўзбекистон фуқаросини назорат остидаги шахслар реестридан чиқарди. Уларнинг 70 мингдан ортиғи миграция идоралари билан ҳуқуқий мақоми ҳал қилингандан сўнг рўйхатдан ўчирилди. Қолганлари бошқа сабабларга кўра, жумладан, белгиланган муддатда Россияни тарк этишлари сабабли олиб ташланди.
Шунингдек, ноябрь ойида Олимжон Абдуллаев Россия элчиси Алексей Ерхов билан учрашиб, чет эл фуқаролари фарзандлари учун Россияда мактабгача ва мактаб таълимидан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилганди. Миграция текширувлари ва рейдлар масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинганди. Ўзбекистон томони бундай чоралар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини бузмасдан, тўғри ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда амалга оширилиши кераклигини таъкидлаганди.



