Россия ФХХ раҳбари: Тожикистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда Россияда бир нечта террорчилик ҳужумлари олди олинди

Александр Бортников. pnp.ru сайти фотосурати

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) директори Александр Бортников унинг ташкилоти Тожикистон ва Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан биргаликда Россияда радикал гуруҳлар жангарилари томонидан режалаштирилган бир нечта террорчилик ҳужумларининг олдини олганини маълум қилди. Россиялик генерал бу ҳақда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида баёнот берди, деб хабар беради ТАСС.

Бортников сўзларига кўра, шу йил бошида ФХХ ва Тожикистон хавфсизлик кучлари «шов-шувли террорчи ҳужумларни» амалга оширишни режалаштирган террорчи гуруҳни аниқлаган ва зарарсизлантирган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Россиянинг турли минтақаларида, жумладан, Москвада бешта экстремистик ҳужум тайёргарлик босқичида бартараф этилган.

Генерал ўз нутқида террорчилар, жумладан, Афғонистонда жойлашган «Ислом давлати» нинг бўлинмаси бўлмиш «Хуросон вилояти»* Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларини, шунингдек, Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантларини фаол равишда жалб қилаётганини таъкидлади. МДҲда яширин тармоқлар, ресурс каналлари яратилмоқда ва террорчилик ҳужумлари режалаштирилмоқда, деб қўшимча қилган Россия разведка хизмати раҳбари.

Мулозимнинг таъкидлашича, «Хуросон вилояти» ва бошқа жиҳодчи гуруҳлар «Британия разведка хизматларининг фаол кўмаги» билан Афғонистондаги «Толибон» радикал ҳаракати кучини заифлаштиришга уринишмоқда. Экстремистлар толиблар назорати остида бўлмаган ҳудудларни, асосан мамлакат шимолида кенгайтиришга ҳаракат қилишмоқда.

«Ва мазкур минтақага таяниб, «ғарбликлар» кейинчалик Марказий Осиё республикаларидаги вазиятни ўз фойдаси учун буришга умид қилмоқдалар», — деди Бортников.

Шу омилни ҳисобга олган ҳолда, ФХХ директори афғон ҳамкасблари билан алоқаларни ривожлантириш ва Кобулнинг қўшни Покистон билан муносабатларини нормаллаштиришга кўмаклашишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини таъкидлади. Бортниковнинг таъкидлашича, «бизнинг умумий хавфсизлигимиз» шунга боғлиқ бўлади.

Разведка хизмати раҳбари Яқин Шарқ масаласига ҳам тўхталган. Унинг сўзларига кўра, Суриядаги жангарилар қаторида бўлган МДҲ мамлакатлари фуқаролари Эроннинг Исроил ва АҚШ билан тўқнашувида унга қарши курашаётган «прокси кучлар»га жалб қилиниши хавфи мавжуд.

Генералнинг таъкидлашича, гап «Ислом давлати» ва бошқа гуруҳлар томонида минтақадаги ҳарбий можароларда иштирок этган террорчилар ҳақида бормоқда. Кейинчалик бу шахслар Сурия қамоқхоналарига тушиб қолишган, аммо улардан нафақат Эронга, балки ўз республикаларига қарши ҳаракатларда ҳам фойдаланишлари мумкин, деди Бортников.

* РФ ва Ўзбекистонда террорчи сифатида тан олинган ташкилот

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда