Бугун, 2026 йил 15 июнь куни, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, «Кылым шамы» фонди асосчиси Азиза Абдирасулова Жалолобод вилояти Ноокен тумани ички ишлар бўлимига олиб кетилган ва қарийб беш соат давомида адвокатсиз сўроқ қилинган. Шу вақт ичида унга тез тиббий ёрдам чақирилган. Бу ҳақда Fergana.agency нашрига ҳуқуқ ҳимоячисининг қизи Гулшайир Абдирасулова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, эрталаб соат 9 лар атрофида милиция ходимлари уйга келиб, онасини олиб кетишган, аммо бунинг ҳуқуқий асосларини аниқ тушунтиришмаган. Отаси эса РОВД биносига киритилмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Kaktus Media нашрига берган изоҳида Абдирасулова қандайдир жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида ўтаётганини билдирган.
Қизининг таъкидлашича, инсультни бошидан кечирган ва юрак хасталиги бор 65 ёшли Абдирасулова эрталабдан соат тахминан 14:00 гача сўроқда ушлаб турилган. Бу вақтда адвокат иштирок этмаган, аҳволи ёмонлашгани сабабли милиция бўлимига тез ёрдам бригадаси чақирилган.
Ушбу воқеадан олдин Абдирасулова бир қатор оммавий баёнотлар билан чиққан. 14 июнга ўтар кечаси у Facebook саҳифасида фуқаролик фаоли ва сиёсий арбоб Мавлян Аскарбековнинг қамоққа олиниши муносабати билан президентга ҳиссиётга жўшиб, мурожаат қилган: «Наҳотки бутун Қирғизистон аҳли маҳбусга айлантирилса? Кампиробод, журналистлар, Каныкей, Канышай, Азамат, “Алга”... Агар хоҳласа, Садир Жапаров мени ҳам маҳбусга айлантирсин!»
Шу куннинг ўзида Абдирасулова ўзини Миллий хавфсизлик давлат хизмати ходимлари деб таништирган шахслар томонидан таҳдидли қўнғироқлар бўлгани, Ноокен Ички ишлар бошлиғи ўринбосари уни сўроққа чақиргани ҳамда мазкур постни ўчириш учун босим ўтказилаётгани ҳақида хабар берган.
Азиза Абдирасулова — Қирғизистоннинг энг тажрибали ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири, “Кылым шамы” маркази асосчиси, шунингдек Европа Иттифоқининг Раул Валленберг номидаги мукофоти совриндори ҳисобланади.
2024 йил охирида у хавфсизлик билан боғлиқ сабаблар, аноним қўнғироқлар ва таҳдидлар ортидан мамлакатни вақтинча тарк этганини маълум қилганди.



