Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги: «Док-1 Макс»дан жабрланганларга 82 млрд сўм компенсация тўланди

gazeta.uz сайти фотосурати

«Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларини қабул қилиш оқибатида жабрланган болаларнинг оилаларига тўланадиган компенсация миқдори 82 млрд сўмни ($6,8 млн) ташкил этади. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ушбу иш бўйича судланган шахслардан айнан шу миқдордаги маблағни ундириши керак эди. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик аниқлик киритишича, суд қарорига мувофиқ, 90 та оилага компенсация тўланиши белгиланган. Бироқ, болаларнинг дори воситаларидан оммавий заҳарланишида айбдор деб топилган фуқароларнинг мусодара қилинган мол-мулкини сотиш жараёни кечиккани сабабли, 2024 йил февраль ойида ҳукм чиқарилганидан 2026 йил октябрь ойи охиригача белгиланган сумманинг атиги 20 фоизи — 16,8 млрд сўм ($1,4 млн) ундирилган.

Вазиятни инобатга олган ҳолда, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев компенсация тўловлари жараёнини тезлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бунинг учун давлат бюджетидан 65,2 млрд сўм ($5,4 млн) ажратилди.

Шундай қилиб, айни пайтда 88 та оилага жами 80 млрд сўм (тахминан $6,7 млн) компенсация тўланган. Жумладан, сифатсиз Ҳиндистон препаратини қабул қилиш оқибатида вафот этган 72 нафар боланинг яқинлари пул олган. Бундан ташқари, даволанаётган 16 нафар боланинг оилаларига 7,8 млрд сўм ($650 минг) ажратилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, жабрланган яна икки оилага 2 млрд сўм (қарийб $167 минг) компенсация тўлаш қолган. Ҳозирда банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал қилинмоқда. Шундан сўнг суд қарорида белгиланган барча компенсациялар тўлаб берилади.

Давлат хазинасидан ажратилган маблағлар судланган шахсларнинг мол-мулкини сотишдан тушадиган маблағлар ва ваколатли органлар томонидан мусодара қилинган бошқа пул маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон бюджетига қайтарилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, идора раҳбарияти мамлакатдаги тиббиёт марказлари шифокорлари билан биргаликда «Док-1 Макс» ва «Амбронол»ни истеъмол қилиш оқибатида жабрланган болаларга қўшимча, жумладан, психологик ёрдам кўрсатиш чораларини кўраётганини маълум қилди.

Бир неча кун олдин ўзбекистонлик расмийлар «Док-1 Макс» иши бўйича компенсациялар тўлиқ тўлангани ҳақида жамоатчиликка хабар беришган. Бироқ, ўшанда оилаларга тўланган маблағнинг умумий миқдори ва пул олганлар сони аниқ айтилмаган эди.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган «Док-1 Макс» сиропи сабаб болаларнинг оммавий заҳарланиши 2022 йил охирида содир бўлганди. Препарат таркибидан заҳарли этиленгликоль моддаси аниқланган. Оқибатда 72 нафар бола вафот этган, кўплаб болалар ногирон бўлиб қолган.

2024 йил февраль ойида Тошкент шаҳар суди иш бўйича 23 нафар айбланувчига ҳукм чиқарди. Ҳиндистон фуқароси, Quramax Medical дистрибьютор компанияси раҳбари Рагвендра Пратар 20 йилга, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори Сардор Кариев 18 йилга, унинг ўринбосарлари эса 16 йилдан озодликдан маҳрум этилди. Суд, шунингдек, бир қатор маҳкумлардан жабрланганлар фойдасига компенсация ундириш ҳақида қарор чиқарган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ