«Тоттенхэм»нинг собиқ бош мураббийи Қозоғистон миллий терма жамоасини бошқариш учун йилига 5 миллион евро сўради

Анге Постекоглу. «Тоттенхэм» ФК фотосурати

Англиянинг «Тоттенхэм» клуби собиқ бош мураббийи, австралиялик Анге Постекоглу Қозоғистон миллий терма жамоасини бошқариш учун йилига 5 миллион евро маош талаб қилди. Мутахассиснинг юқори молиявий талаблари Қозоғистон футбол федерацияси (ҚФФ) унинг номзодини рад этишига сабаб бўлди. Бу ҳақда AmanVibe Telegram канали хабар берди.

Постекоглу Қозоғистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи Талғат Байсуфиновнинг ўрнига асосий номзодлардан бири сифатида кўриб чиқилган эди. Байсуфинов истеъфога чиққанидан сўнг бу лавозим бўш қолганди. Қозоғистонлик мутахассиснинг истеъфоси ҚФФ бош котиби лавозимига яна бир австралиялик — Скотт Мунннинг яқин орада тайинланиши билан бир вақтга тўғри келди. Мунн аввал Англиянинг «Тоттенхэм» клубида футбол операцияларини бошқарган, ўша вақтда жамоага Анге Постекоглу мураббийлик қилган.

Аввалроқ Eurasia Football портали Постекоглу Талғат Байсуфиновнинг ўрнини эгаллаш учун асосий номзод сифатида кўрилаётганини хабар қилганди.

Агар томонлар келишувга эришганида, Постекоглу Марказий Осиё футболи тарихидаги энг юқори маош оладиган мураббийга айланган бўлар эди. Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро йилига 4 миллион евро маош олади.

Қозоғистон миллий терма жамоаси шу йил кузида УЕФА Миллатлар лигасининг 2026/27 йилги мавсумида иштирок этади. Жамоа С3 гуруҳидан жой олган бўлиб, унда Словакия, Фарер ороллари ва Молдова терма жамоалари билан баҳс олиб боради. Қозоғистонликлар мусобақадаги иштирокини 26 сентябрь куни меҳмонда Фарер оролларига қарши учрашув билан бошлайди. 29 сентябрь куни эса сафарда Словакияга қарши майдонга тушади. 2 ва 6 октябрь кунлари ўз майдонида мос равишда Молдова ва Фарер ороллари терма жамоаларини қабул қилади.ьГуруҳ босқичининг якуний учрашувлари ноябрь ойида ўтказилади. 13 ноябрь куни Қозоғистон меҳмонда Молдова билан ўйнайди, 16 ноябрь куни эса ўз майдонида Словакияни қабул қилади. Гуруҳ ғолиби тўғридан-тўғри В лигасига йўлланма олади. Иккинчи ўринни эгаллаган жамоа эса плей-офф (ўтиш) баҳсларида иштирок этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ