Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Марказий Осиёда йирик нефтни қайта ишлаш заводи (НҚЗ) қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Таклиф 31 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувида билдирилди. Раҳмон энергетик хавфсизлик масаласи минтақа барқарор ривожланишининг асосий омилларидан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу йўналишдаги муаммоларни бугунги воқеликларни ҳисобга олган ҳолда биргаликда ҳал қилиш зарур.
«Минтақамизда энг янги технологияларни жалб қилган ҳолда йирик нефтни қайта ишлаш заводи қуриш масаласини тегишли идораларимизга ишлаб чиқишни топширишни таклиф қиламан. Бунда, албатта, биринчи навбатда минтақа давлатларининг муҳим турдаги нефть маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжлари ҳисобга олиниши керак», — деди Тожикистон президенти.
Раҳмон матбуот хизмати маълум қилишича, президент «Марказий Осиё давлатларида ёқилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган йирик нефтни қайта ишлаш корхоналарини қуриш» таклифини билдирган.
Норасмий Маслаҳат учрашуви 30 июльдан 1 августга қадар Иссиқкўлда бўлиб ўтмоқда. Унда Раҳмондан ташқари яна беш давлат президенти иштирок этмоқда: Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев. Саммит иштирокчилари савдони ривожлантириш, энергетика, туризм, транспорт йўлаклари, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилмоқда.



